«Чой ичишга келган йўлбарс» ёхуд расмли китоб, бола ва катталар
Расмли китоб катталар ва болалар учун учрашув нуқтасидир. Айнан шу учрашувда катталар ва болалар баъзи очилмаган мавзуларнинг калитини топа оладилар.
Жудит Керр муалифлигидаги «The Tiger Who Came to Tea» (Чой ичишга келган йўлбарс) расмли китоби бу жанрнинг классикаси ҳисобланади. Бир қарашда оддий китоб. Китобнинг мазмуни шундай: Катта йўлбарс бир қизнинг уйига чой ичишга келади. Уйда қиз билан ойиси бўлади. Йўлбарс чой ичади, овқат ейди, ширинлик ейди, музлатгични бўшатади, ошхона шкафидаги барча егуликларни еб битиради, шарбатларни ичиб қўяди, уйдаги ҳамма нарсани еб бўлиб, ҳатто оқиб турган сувни ҳам томчисига қадар ичиб тугатади. Шундан сўнг мулойимгина хайрлашиб кетади. Кечки пайт қизнинг дадаси уйда қайтади. Уйда эса ейишга ҳеч нарса қолмаган. Дадаси куйинмайди, балки ҳаммани овқатланиш учун ресторанга таклиф қилади. Бутун оила мазза қилиб кечки овқатни ресторанда ейишади. Китоб якунида қиз ойиси билан дўконга бориб уйга янги егуликлар сотиб олади, ҳар эҳтимолга қарши йўлбарс учун ҳам овқат олади, лекин йўлбарс бошқа ҳеч қачон уларнинг уйига келмайди.
Бу асар 1968 йилда ёзилган, яъни урушдан сал кейинроқ. Муаллиф урушнинг барча қийинчиликларини болалигида бошидан кечирган бўлиб, умри давомида уруш даҳшатлари ҳақида кўп ёзади. Бу асар ҳам айнан уруш ҳақида. Ҳа, юқорида мен таърифлаган асар (расмлар ҳам унга тегишли) айнан уруш ҳақида. Бу ҳикоя жуда машҳур, у ҳақда ҳатто мультфильм ҳам ишланган.
Йўлбарс – бу уруш... у мана шундай кутилмаганда тинч оиланинг уйига бостириб келади ва ҳаммаёқни вайрон қилади. Урушда тирик қолганларга янги ҳаёт бошлаш учун куч керак доим. Ана шу кучни асарда қизнинг дадаси беради. Яъни уйда овқат қолмаганида оила-аъзоларига ташқарига чиқиб кафеда овқатланишни таклиф қилади. Метафорик тарзда эркаклар оилаларни ҳимоя қилиши кўрсатилган.
Жуда болаларча асар, шунингдек ота-оналарга ҳам бола билан уруш ҳақида гаплашиш имконини берадиган асар. Бола ва ота-онанинг учрашув нуқтаси.
Болажонлар билан бирон мавзуда гаплашмоқчи бўлсангиз, ўша мавзуга оид расмли китоб излаб кўринг. Китоб билан суҳбатингиз мазмунлироқ ва тушунарлироқ чиқади.
Ҳеч ким болажони билан уруш ҳақида гаплашишга мажбур бўлмасин!
Динара Мўминованинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter