«Ўзгидромет»: дам олиш кунлари илиқ ва беқарор об-ҳаво бўлади

Республика Гидрометеорология маркази дам олиш кунлари учун об-ҳаво маълумотини эълон қилди.
Апрель ойининг сўнгги кунларида баҳор фаслига ҳос бўлмаган иссиқ об-ҳаво кузатилди. Бунинг сабаби, Эрон ҳудудларидан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келишидир. 26-29 апрелда меъёрдан 8-10° га кўп бўлди. Кундуз кунлари ҳарорат 34-36° га, жанубда ва чўл ҳудудларида 37-39° га етди, бу апрель ойи охири учун бўлган рекорд қийматларга яқинлашди, айрим туманларда эса ушбу кунлар учун ҳароратнинг янги рекорди ўрнатилди.
Бугун, апрель ойининг охириги куни республика ҳудудлари бўйича Каспий денгизидан салқин ва бироз нам ҳаво кириб келиши бошланди. Осмонда булутлар пайдо бўлди, куннинг биринчи ярмида Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида, кечга томон эса Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат 25-28° атрофида бўлади.
Эртага фақат республиканинг энг шарқий туманларида бироз беқарорлик сақланиб туради. Фарғона водийси вилоятларида ва тоғли туманларда кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат ушбу даражада сақланиб туради.
Бугун ва эртага баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин.
Якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 29-32° гача, жанубда 34-37° гача кўтарилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter