Даниэл Нобоа «янги Эквадор» қуришга ваъда берди

Сайловдаги ғалаба «эски Эквадор» интиҳоси ва янгиланишлар бошланганидан далолатдир, деди ўзининг инаугурация нутқида президент Даниэл Нобоа.
«Мамлакат тарихида шундай лаҳзалар борки, ортга ўгирилиб улар билан доим фахрланамиз, яна шундай лаҳзалар бўладики, ортга эмас олдинга қарашга мажбурмиз. Бугун шундай кунларнинг бири, ишонч билан нимадир содир бўлади дея оламиз ва у барчамизга тегишли», — деди Даниэл Нобоа.
Унинг сиёсий лойиҳаси «шунчаки сайлов кампанияси» эмас, балки янги бошқарув шаклига чорловдир. «Янги Эквадор чуқур ислоҳотлар ва аниқ хатти-ҳаракатлар ёрдамида қурилади. У жиноятчиликка қарши курашда метин, халқига адолатли, фаолияти шаффофдир», — деди Нобоа.
Нобоа таъкидлашича, ҳукумат тепасига келганининг дастлабки 17 ойида жиноятчиликка қарши курашишда жиддий силжишга эришди, охирги сайлов натижалари буни тасдиқлайди. «Ягона мақсад — мамлакатни қутқариш учун қатъий ҳаракат қилдик. Ватанимизни талашган, топташган, талан-тарож қилишганди, бу инқирозли йўлни ўзгартириш учун биз дастлабки қадамларни ташладик», — таъкидлади Нобоа.
«Биз — озод заминда яшовчи озод халқмиз. Қадр-қиммат ва тараққиёт ниҳоят тантана қиладиган мамлакатда яшашга ҳақлимиз», — деди президент сўзининг якунида.
Маълумот учун: Даниэл Рой Ҳилкрист Нобоа Асин (1987 йил 30 ноябрда АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳрида туғилган) — эквадорлик сиёсатчи ва давлат арбоби, банан соҳасида тадбиркор. 2023 йилнинг 23 ноябридан Эквадор президенти. Нобоа 35 ёшида президентлик лавозимига киришиб, Эквадор тарихидаги иккинчи энг ёш президентга айланган. 2025 йил апрелида янги муддатга президентликка сайланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter