Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди
Ҳукуматнинг 2022 йил 14 октябрдаги қарори билан Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларни ўзида акс эттиради.
Унга кўра, давлат хизматчиси ҳалол, камтар бўлиши, жамоатчилик танқидига йўлиқмаслиги, танқидга учраганда эса таъқиб қилмаслиги, бировнинг манфаатини кўзлаб совға, фойда ва мукофот олмаслиги лозим.
Хизмат сафарлари, назорат тадбирларида сарф-харажатларни бировнинг ҳисобидан амалга оширмаслиги, ижтимоий тармоқларда ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслиги, фуқаролар ва ҳамкасбларининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар тарқатмаслиги ҳамда интернет саҳифаларига ислоҳотларга ишончсизлик уйғотадиган материалларни жойлаштирмаслиги лозим.
Раҳбарлар эса маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишичиликка, гуруҳбозликка йўл қўймаслиги, кадрларни шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия қилиш билан шуғулланмаслиги лозим.
Давлат хизматчилари, шунингдек, ишдан ташқари пайти шуҳратбозликдан, маишатбозликдан, ичкиликбозликдан тийилиши керак, кафе-ресторанларда ўзини тутиш қоидаларига риоя қилиши, ўзига бевосита ёки билвосита алоқадор давлат идоралари ёки амалдорлардан, давлат хизматчиларидан совға олмаслиги керак. ЙПХ ва шунга ўхшаш ҳолатларда хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, дўқ урмаслиги керак.
Хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, ўзининг шахсий машинасидан фойдаланганда эса тартиб-таомилларга амал қилиб ҳайдаши, йўл қоидаларига қатъий риоя қилиши зарур.
Давлат хизматчилари этикасини бузган ходимлар интизомий жазога тортилиши ҳамда огоҳлантирилиши, расмий узрнома келтириши, танбеҳ берилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter