Дипломатларни ўқитишни ташкил этиш тартиби белгиланди
Ҳукуматнинг 10 январдаги тегишли қарори билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом билан қуйидаги лавозимларга тайинлаш мақсадида кадрлар захирасига танланган шахслар (номзодлар) Дипломатик академия ўқув курсларида малака ошириш учун юборилади:
- Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси;
- Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги доимий вакили;
- Бош консул, консул;
- Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналардаги маслаҳатчи-вакили, маслаҳатчиси (шу жумладан, савдо-иқтисодий масалалар бўйича), биринчи котиби, иккинчи котиби, учинчи котиби, атташеси.
Ўқув курсларининг мақсади дипломатик кадрлар захираси учун танланадиган шахсларнинг касбий билим, малака ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳисобланади.
Ўқув курслари анъанавий ва масофавий шаклларда ташкил этилади.
Ўқув курслари тингловчилари ўқишни тугатгандан сўнг якуний имтиҳон топширади.
Имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга давлат намунасидаги сертификат берилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Дипломатик академия Президентнинг 2022 йил 23 июлдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter