Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёнинг энг инновациялашган мамлакати — АҚШ ва Хитой эмас

Дунёнинг энг инновациялашган мамлакати — АҚШ ва Хитой эмас

Фото: LinkedIn

Қайси мамлакат инновациялар бўйича етакчи? Кўпчилик АҚШ деб жавоб беради. Яна айримларнинг фикрича, Хитой пешқадам. Бироқ Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти эълон қилган Инновациялар глобал индексида АҚШ учинчи ўринда, Хитой эса бор-йўғи 11-ўринга илинган (графикка қаранг).

Индекс инновациялар соҳасини кенг қамровда ифодалаган. Патентлар, илмий мақолалар, юқори технологияли маҳсулотлар экспорти каби «натижалар» (ингл. outputs) ҳамда тадқиқотлар ва ишланмаларга сарфланаётган харажатлар, муҳандислик ОТМ битирувчилари сони ва венчур капиталли битимлар сингари «ресурслар» (ингл. inputs)ни ўз ичига олган. Индекс технологияларнинг мамлакатда татбиқ этилиши ва фойдаланилиши ҳамда уларнинг ишлаб чиқарилишини ҳам кўзда тутади. Юқори технологияли маҳсулотларни кўп импорт қилаётган, хорижий интеллектуал мулкка кўп пул сарфлаётган мамлакатлар бу индекс бўйича юқори балл тўплайди. Айрим кўрсаткичлар ноанъанавий, масалан, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган бадиий филмлар сони ёки мамлакатнинг маълумотлар ва код алмашиниш бўйича оммалашган GitHub порталида ҳамкорликдаги дастурий лойиҳаларга киритаётган ўзгаришлари сони шулар жумласига киради.

Ана шунга ўхшаш юқоридаги кўрсаткичлар жамланганда, Швейцария индекс етакчиси ҳисобланади. Унча катта бўлмаган мамлакатлар илм-фан соҳасининг АҚШ ва Хитой сингари улкан наҳангларини индексда ортда қолдириши мумкин, чунки кўрсаткичлар мамлакат аҳолиси сони ёки ялпи ички маҳсулотига узвий тарзда масштаблаштирилади. Масалан, 2022 йилда Швейцария 5 430 та халқаро патент олиш учун ариза топширган. Яъни АҚШ патентларининг ўндан бири ҳам чиқмайди. Қолаверса, Швейцария иқтисодиёти АҚШникидан ўн баравардан ҳам кўпроқ кичик, шунга қарамасдан Алп мамлакати инновационроқ. Нега? Америкадаги тадқиқотчилар сони Швейцариядагидан солиштириб бўлмас даражада кўп, бироқ аҳоли сонига нисбатланганда устунлик европаликларда, чунки бу мамлакат аҳолиси орасида тадқиқотчиларнинг улуши баланд. Фан-технологиялар тараққиётига қўшаётган ҳиссаси АҚШникидан кам бўлиши мумкин, бироқ барибир Швейцария нисбатан инновациялашган мамлакат ҳисобланади.

Индексда мамлакатнинг кўрсаткичлари яхши бўлишида унинг аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулоти юқорилиги муҳим аҳамиятга эга: бой мамлакатлар одатда нисбатан юқори ўринларни банд қилади. Бироқ истиснолар ҳам учраб туради. Масалан, Ҳиндистон 39-ўринда. Аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичи жуда паст бўлган бу мамлакат биринчи юзликка ҳам кирмаслиги керак эди. Ёки жон бошига даромад ўртачадан юқори бўлган Хитой 60-ўринларни эмас, 11-ўринни банд қилди.

Сўнгги беш йилда ушбу рейтингда ҳаммадан кўпроқ Индонезия, Маврикий, Саудия Арабистони, Қатар, Бразилия ва Покистон юқорилади. Умуман олганда, жаҳон бўйича прогресс (фан-технологиялар тараққиёти) барқарор эмас. 2020-2022 йилларда дунё инновацион портлашни бошдан ўтказди. Бироқ, афтидан, бу шиддат йўқолган. 2023 йилда илмий мақолалар сони 5 фоиз қисқарди. Халқаро патент учун аризалар сони 2009 йилдан буён биринчи марта камайди. 2023 йилда жаҳон корпорацияларининг тадқиқотлар ва ишланмалар учун харажатлари 6 фоиз ўсди, ваҳоланки 2019–2021 йилларда ўсиш 10-13 фоиз бўлганди.

Ҳатто глобал рейтингда бир поғона кўтарилган Хитойда ҳам венчур саноатига путур етган. Шу йил бошида Хитой раиси Си Цзинпин нега янги «яккашохлар» (қиймати 1 млрд доллар ва ундан юқори стартаплар) сони камайиб кетганини суриштирди. Июн ойида Давлат кенгаши (Хитой Вазирлар маҳкамаси) сармоядорлар янги корхоналарга пул тикишдан чўчиётгани ва уларни ўйиндан чиқариб юбориш қийинлигини тан олди. Ўз навбатида, молиявий регуляторлар давлатнинг йирик банкларига қарздор компанияларни қутқариш учун илгари қўлланилган механизмлар орқали венчур капитал билан шуғулланишга рухсат беришни таклиф қилишди.

Хитойнинг молиявий аждарлари таваккалчилиги, технологик заковати ёки теран тафаккури билан тилга тушмаган. Агар уларнинг венчур капитал билан шуғулланишга уриниши иш берса, мана бу ҳақиқий инновация бўлади.

Манба: economist.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг