«Eco Expo Central Asia 2025»да экологик туризм - анъаналардан рақамли ечимларгача

Тошкентда ўтказилган «Eco Expo Central Asia 2025» кўргазмасида Туризм қўмитасининг стенди дастлабки икки кун ичида 1500 га яқин ташриф буюрувчини ўзига жалб этди. Тадбир иштирокчилари экотуризм соҳасидаги замонавий йўналишлар ҳақидаги маъруза ва тақдимотлар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Ушбу йўналишлар яшил технологиялар ва энергия тежамкор ечимларни жорий этишдан тортиб, табиий ва маданий меросни асраб-авайлашгача бўлган кенг қамровли масалаларни ўз ичига олади.
Кўргазма доирасида анъанавий ҳунармандчилик - кулолчилик ва гиламдўзлик бўйича маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Бу минтақанинг маданий хусусиятларига чуқурроқ кириб бориш ва барқарор туризмни оммалаштириш имконини берди.
Қўмита стендида мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари ва ташкилотлари, жумладан, Тошкентдаги Цингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети мутахассислари иштирокида эксперт учрашувлари ҳам ташкил этилди. Ушбу учрашувларда яшил туризмни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, хусусан, соҳани рақамлаштириш, экологик стандартларни жорий этиш ва аҳолини туризм соҳасида фаолроқ иштирок этишга рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Eco Expo Central Asia 2025 кўргазмаси Ўзбекистонда Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили доирасида ўтказилмоқда. Бу тадбир мамлакатнинг экологик ўзгариши ва иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишларидан бири сифатида барқарор туризмнинг стратегик аҳамиятини таъкидлайди. Туризм қўмитасининг стенди нафақат инновацияларни намойиш этиш майдони, балки очиқ, масъулиятли ва экологик мувозанатли туризм келажагини яратишга қаратилган тажриба ва ғоялар алмашиш марказига айланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter