Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Экология соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Экология соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Бугун, 26 феврал куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)да Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифинг вазирлик тизимида экологик таълим йўналишида амалга оширилаётган ишларга бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, Экология вазирлиги томонидан экологик таълим, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 10 118 умумий ўрта таълим муассасасида 31 916 экологик-билогик тўгарак ташкил этилган бўлиб, уларга 473 968 нафар ўқувчи жалб қилинган. Шунингдек, 5 200 умумтаълим мактабида «Экология бурчаклари» фаолият юритмоқда. Умумтаълим муассасаларининг амалдаги ўқув дастурларига мувофиқ, синф соатлари доирасида экологик саводхонликни оширишга оид жами 132 соат машғулот киритилди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан «Hub and Spoke» тамойили асосида нафақат мамлакатимизда ягона бўлган, балки Марказий Осиёда дастлабки экологик муаммоларга илмий ечим топишга қаратилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети («Green University») ташкил этилди ва экология тизимида замонавий кадрлар тайёрлашга мустаҳкам замин яратди. Илк бор экологик таълим жараёнларини комплекс жамлаган ҳолда «Green University» таркибига учта илмий тадқиқот институти, иккита касб ҳунарга йўналтирилган техникум, экологик йўналишдаги ходимларнинг малакасини ошириш маркази, биттадан умумий ўрта таълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди. Бу, албатта, таълим жараёнларини бевосита амалиёт билан боғлаш имкониятини беради.

Ҳозирда университетда экология, барқарор бошқарув, атроф-муҳит иқтисодиёти, экология ҳуқуқи, экологик инновация ва рақамлаштириш йўналишларида бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга асосан Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўрин ажратилади.

Муассасада фанлараро тадқиқотлар қилиш, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Университет ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтларида 7 та лойиҳа-грант ва 1 та тижоратлаштирилган лойиҳа, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтида 14 та илмий лойиҳа, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида 16 та амалий ва 5 та инновацион лойиҳа амалга оширилган бўлиб, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ этилмоқда. Бугунга келиб экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида 32 та илмий, амалий ва инновацион лойиҳалар доирасида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Натижалари бўйича 10 та монография, 21 та хорижий, 64 та маҳаллий нашрда мақолалар, халқаро ва маҳаллий конференцияларда 39 та тезис чоп этилди. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари, тренинглар ва семинарларда 1000 нафардан зиёд соҳа ходимларининг малакаси оширилди.

Янги ўқув йилидан университетда дуал таълимни йўлга қўйиш, уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши бўйича қисқа курслар ташкил қилиб, ҳар йили минг нафар ходимнинг малакасини ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳар йили «Ёш экологлар» ҳаракати қурултойига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 1 000 нафарга яқин эковолонтёр жалб қилиб келинмоқда.

Келгусида эса қуйидаги каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган:

— «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» Давлат дастурига мувофиқ 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб ҳар йили мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида дастлабки экологик билимларни шакллантириш мақсадида «Экологик йўлакчалар» ташкил этиш;

— давлат грантлари доирасида ва хўжалик шартномалари асосида «Green University» ва унинг таркибидаги 3 та илмий тадқиқот институтида 9 та илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;

— университетда «циркуляр иқтисодиёт» таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш;

— Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Green University»нинг «яшил техникумлари» фаолиятини йўлга қўйиш;

— табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш» фани ва ўқув дастурларини киритиш.

Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги 2 та университет ва 3 та илмий-тадқиқот институтида олий таълимдан кейинги босқич, яъни стажор тадқиқотчилик, таянч докторантура ва докторантура (4 нафар) босқичи учун қабул жараёнларини ташкил этиш, шу билан бирга, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари, тренинглар ва семинарлар ташкил этиш мақсад қилинган.

Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим даргоҳлари тизимида олиб борилаётган бундай кенг қамровли ишлар келгусида ўз самарасини бериши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг