«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати пойга автомобили учун инновацион тизим ишлаб чиқди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиати Саидакбархон Пўлатов Аризона давлат университетида диплом лойиҳасини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ушбу лойиҳа доирасида у пойга автомобили учун инновацион фаол кузов барқарорлаштириш тизимини (Active Anti-Roll Bar) ишлаб чиқди.
Саидакбархон лойиҳасини «Sun Devil Motorsport» муҳандислик жамоаси билан ҳамкорликда бажарган. Унинг натижалари «Formula FSAE Michigan 2025» нуфузли халқаро мусобақасида қатнашадиган автомобил конструкциясида амалий қўлланилади. Ўрнатилган барқарорлаштириш тизими юқори самарадорлик кўрсатди: синов пойгалари натижаларига кўра, янги болид ўтган мавсумда ишлатилган автомобилдан 6,4 сония тезроқ бўлди.
Саидакбархон яратган тизим автомобилнинг бурилишлардан ўтишда бошқарувчанлигини ва барқарорлигини оширади, бу айниқса пойга трассалари учун жуда муҳимдир.
Ушбу лойиҳа «Эл-юрт умиди» жамғармасининг хориждаги таълимга йўналтирилган сармояси натижа бераётганини кўрсатади. Халқаро стандартлар даражасида мураккаб муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жаҳон технология ҳамжамиятида Ўзбекистонни намойиш эта оладиган кадрлар тайёрланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter