Энди бўлажак ўқитувчилар тўлиқ грантда ўқийди
Йиғилишда келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилиниши белгиланди.
Мақсадли буюртма асосида ўқитувчиларни тайёрлаш тўлиқ давлат грантига ўтказилади. Келгуси ўқув йили учун педагогика олийгоҳларининг қабул квоталарини белгилашда ушбу янги тартиб назарда тутилади.
Яъни, келгуси йиллардаги талабни ҳозирдан аниқлаб, зарур мутахассисликлар бўйича муаллимларни олдиндан тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади.
Мактаб таълимида бошқарув тизими ҳам ўзгаради.
Жорий йилда директорликка номзодларни ўқитиш ва билимини баҳолашни амалга оширувчи «Директорлар мактаби» ташкил қилинди. Мактабда таълим жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа нуфузли хорижий ҳамкорлар тажрибаси асосида йўлга қўйилади.
Энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли контракт асосида ишга олинади.
Директорлар ва ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади. Сертификациядан ўта олмаган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.
Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларига келгуси йилдан сертификациядан ўтган директорлар ойлигини 50 фоизга, ўринбосарлар иш ҳақини эса 30 фоизга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter