Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Россия–Озарбайжон зиддиятида қайси томонида эканини айтди

Эрдўғон Россия–Озарбайжон зиддиятида қайси томонида эканини айтди

Архив фото. Манба: Кремль матбуот хизмати.

Туркия айни пайтда Россия ва Озарбайжон ўртасида кузатилаётган зиддиятни диққат билан кузатмоқда. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Озарбайжонда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидан кейин журналистлар билан мулоқотда гапирган.

“Туркия Озарбайжон билан ҳам, Россия билан ҳам чуқур дипломатик ва стратегик алоқаларга эга. Биз тарангликни диққат билан кузатмоқдамиз ва (томонларни) вазминликка чақирамиз. Бизнинг энг катта тилагимиз, рўй берган қайғули ҳодисалар Россия ва Озарбайжон ўртасидаги робиталарга тузатиб бўлмас зарар етказмасин”, – деди Туркия етакчиси.

Эрдўғон ҳар икки давлат ушбу муаммони енгиб ўтиш учун етарли даражада муроса туйғусига экани эканига ишонч билдирган.

“Биз ушбу муаммони ҳал этиш учун зарур конструктив қадамларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Минтақада машаққат билан эришилган барқарорлик издан чиқишига олиб келадиган кутилмаган эскалацияга йўл қўймаслик тарафдоримиз. Кўплаб уруш ва зиддиятларни бошдан кечирган Кавказ аҳлида янги ихтилофлар учун сабр қолмаган”, – деди сиёсатчи.

Эрдўғон Туркия ва Озарбайжон алоқалари бошқа давлатлар муносабатларидан фарқ қилиши, чунки икки мамлакатни нафақат дўстлик, балки қардошлик ришталари ҳам боғлашини таъкидлаган.

Туркия раҳбари Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик битими тез муддатда имзоланишига умид қилаётганини ҳам қайд этган. Шунингдек, у Зангезур коридорининг очилиши геосиёсий ва геоиқтисодий инқилоб бўлишини урғулаган.

Аввал хабар берганимиздек, сўнгги кунларда Озарбайжон ва Россия ўртасидаги муносабатлар кескинлашди.

Москва томонидан Озарбайжонга тегишли учоқнинг уриб туширилиши, Россия ҳудудида амалга оширилган рейдларда озарбайжон диаспораси вакилларининг ҳалок бўлиши каби ҳодисалар Бокунинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўз навбатида, Озарбайжон Бокудаги Рус маданият маркази фаолиятини тўхтатишга қарор қилган. Президент Илҳом Алиев жорий йил 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги тадбирида ҳам қатнашмаган.

Таҳлилчилар тобора геосиёсий жиҳатдан мустақил сиёсат юритишга уринаётган Озарбайжон Россиянинг “катта оғалик” қилишига ортиқ тоқат қилмаслигини айтмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг