Эрон АҚШга оид яна бир афсонани йўққа чиқарди
Ўтган ҳафта АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига тегишли F-35 қирувчи учоғи Яқин Шарқдаги авиабазага авариявий қўнишни амалга оширди. АҚШ матбуоти учоққа Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан зарба берилгани ҳақида хабар берди. Эрон оммавий ахборот воситалари ҳам шу мазмунда ахборот тарқатди.
Al Jazeera телеканали Air & Space Forces Magazine нашрига таяниб ёзишича, F-35 қирувчи учоғи ердан берилган зарба оқибатида шикастланган, учувчи ҳам жароҳат олган.
Мазкур ҳодиса АҚШ томонидан ёйинлаб келинган яна бир афсонани йўққа чиқаради.
Гап шундаки, АҚШнинг Lockheed Martin ширкати ишлаб чиқарган F-35 учоғи дунёдаги энг илғор қирувчи самолёт деб таърифланади. Ушбу учоқ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан яширинган ҳолда ҳаракатлана олиши, мазкур самолётга эга давлат ҳавода устунликка эга бўлиши айтиб келинган.
Британиялик мутахассис Жон Филлипснинг фикрича, ўта замонавий радиолокацион тизимга эга учоқ нафақат рақиб ҳаво ҳужумидан яширина олади, айни чоқда, таҳдидларга тезкорлик билан жавоб қайтаради.
F-35 қирувчилари вертолёт каби вертикал тарзда учиш, шунингдек, ўта қисқа учиш йўлагидан ҳавога кўтарилиш имконига эга.
Фақат АҚШнинг ўзи истифода этиб келаётган F-35C модели эса овоз тўлқинидан ҳам тезроқ ҳаракатланиши айтилади.
АҚШ F-35 учоғини ишлаб чиқаришда Австралия, Канада, Италия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Вашингтон ушбу турдаги учоқларни Исроил, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Австралия, Сингапур каби саноқли давлатларгагина сотган.
F-35 қирувчилари 2018 йилдан буён жанговар ҳаракатларда қатнашаётган бўлса, ҳозирга қадар ушбу моделдаги самолёт бирор марта уриб туширилмаган.
Мудофаа экспертлари фикрича, Эрон томонидан F-35 учоғи уриб туширилгани расман тасдиқланса, бу АҚШ ҳарбий саноати ҳақида кенг тарқалган яна бир қараш йўққа чиқишини англатади.
“F-35 кўринмас учоқларни уриб бўлмайди, миллиардлик радарларни йўқ қилиб бўлмайди, деган фикр омманинг онгига сингдирилганди. Дунё шунга ишонарди ҳам. Лекин Яқин Шарқдаги можаролар бу гаплар аслида ҳақиқатга тўғри келмаслигини исботлаб берди. Табиатда ҳар нарсанинг ўз антагонисти – кушандаси – муқобили мавжуд. Шу жумладан, илм-фан ютуқлари, ҳарбий технологияларнинг ҳам. Мен фан одамиман. Соҳамдаги энг сўнгги ютуқларни кузатиш кундалик ишим. Шунинг учун, аслида нима зўр, нима зўрмаслигини фарқлай оламан… Аввалги “куч марказлари”нинг кучини қуролсиз давлатларга кўрсатиб ўзини улуғлашга ўрганиб қолганди. Бу сафар тақиллатилган эшик эса ундай бўлиб чиқмади. F-35нинг уриб туширилиши, миллиардлик радарларнинг йўқ қилиниши дунёдаги куч нисбатларининг ўзгариб бораётганини кўрсатиб берди”, – деб ушбу ҳодисага муносабат билдирди ўзбекистонлик адиб ва биолог олим Бахтиёр Абдуғафур.
АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эронга қарши кенг кўламли тажовузкор уруш бошлаганидан буён Теҳрон Вашингтон ва Тель-Авив кутгандек осонликча таслим бўлмади. Аксинча, Эрон Қўшма Штатларнинг стратегик объектларини нишонга олмоқда.
Икки ҳафта аввал Ироқ ғарбида АҚШнинг KC-135 ёқилғи қуювчи самолёти уриб туширилди. Оқибатда олти кишидан иборат экипаж ҳалок бўлди.
Эрон ракета ҳужуми орқали Саудия Арабистонидаги Prince Sultan авиабазасида жойлашган, АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли бешта самолётга зарар етказди.
Эрон Иорданияда жойлашган Муввафақ ас-Салти авиабазасидаги THAAD ҳаво-мудофаа тизимининг асосий сенсори – 500 миллион долларлик AN/TPY-2 радарини ҳам йўқ қилди.
Сўнгги бир ой давомида Эрон АҚШнинг 12 та MQ-9 Reaper дронларини ҳам уриб туширди.
Дарвоқе, F-35 қирувчи учоқлари кўпдан буён НАТОнинг Россияга қарши асосий қуроли деб таърифлаб келинган эди.
Исроил ҳукумати ҳам АҚШ Конгрессидан Туркияга F-35 қирувчи учоқларини сотишни ман этишни сўрагани маълум.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter