Эрон: Доҳага делегация боради, аммо АҚШ билан учрашув бўлмайди
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги жорий ҳафтада мамлакат делегацияси Қатар пойтахти Доҳага ташриф буюришини, бироқ АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар ўтказиш режалаштирилмаганини маълум қилди.
Вазирлик вакилига кўра, экспертлар делегацияси шу ой бошида АҚШ билан имзоланган ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун Доҳага йўл олади. Бироқ бу ташриф Вашингтон билан тўғридан-тўғри музокаралар бошланганини англатмайди.
«Биз ҳали якуний келишувни муҳокама қилиш босқичига ўтганимиз йўқ. Яқин кунларда Америка томони билан ҳеч қайси даражада музокаралар бўлиб ўтмайди», – деди Эрон ТИВ вакили.
Аввалроқ бир қатор америкалик ОАВ, жумладан Axios ва CNN, икки давлат ўртасидаги техник музокаралар сешанба куни Доҳада қайта бошланиши ҳақида хабар берган эди. Кейинчалик Эрон ТИВ раҳбарининг ўринбосари Козим Ғарибободий бу маълумотларни рад этди.
Шунга қарамай, АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон учрашув ўтказишни сўраганини ва музокаралар Доҳада бўлиб ўтишини маълум қилди. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Левитт эса АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда катта маслаҳатчи Жаред Кушнер шу ҳафта Қатарга юқори даражадаги музокаралар учун ташриф буюришини билдирди.
Қайд этилишича, 17 июн куни имзоланган рамкавий келишув томонларга Эрон ядровий дастури, санкцияларни бекор қилиш ва Ҳурмуз бўғозининг келгуси мақоми бўйича якуний битим ишлаб чиқиш учун 60 кун муддат берган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter