Эрон компанияси Олмалиқда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаради

24 июль, пайшанба куни Ыишлоы хщжалиги вазирлиги расмийлари ИИВ ЖИЭД ҳузуридаги Олмалиқ шаҳрида жойлашган 14-сонли жазони ижро этиш колониясида Эроннинг «Fattahi Agricultural Machinery Company» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида эронлик мутахассислар қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ўз бизнес-режаларини тақдим этди. Шунингдек, муассаса ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш бинолари кўздан кечирилди ва ҳамкорликнинг ташкилий ва техник жиҳатлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги техникасини маҳаллийлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди. Келишувга кўра, лойиҳа доирасида биринчи босқичда 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинади.
Мазкур лойиҳа мамлакатда қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, хорижий техникаларга қарамликни камайтириш ҳамда замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Тегишли техник тайёргарликдан сўнг, корхонада турли турдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, келгусида лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотни ички бозорга етказиш ва экспорт имкониятларини ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, Эрон компанияси мамлакат қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (ATMAK) таркибига киради ва кўп йиллик халқаро тажрибага эга.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23-27 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Эронга ташриф буюрган ва унда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор келишувларга эришилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter