Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрон вице-президенти 10 кун ишлаб истеъфога чиқди

Эрон вице-президенти 10 кун ишлаб истеъфога чиқди

Фото: 1Lurer

Эроннинг стратегик масалалар бўйича вице-президенти Муҳаммад Жавод Зариф, тайинланганидан атиги 10 кун ўтиб, истеъфога чиқди. 2013–2021 йиллар мобайнида Эрон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Зариф АҚШ билан музокаралар тарафдори бўлиб келган, таъкидлашича, янги лавозимидаги фаолиятидан кўнгли тўлмаган.

У X (собиқ Twitter)даги саҳифасида янги вазирлар маҳкамасини шакллантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари сифатидаги фаолияти натижаларидан қониқмаганини ёзди. Шу ва бошқа муаммолар «уни педагоглик фаолиятига қайтишга ундаган».

Масъуд Пезешкиён 5 июлда президентлик сайловида ғалаба қозонганидан сўнг маслаҳат кенгаши тузилганди. Зарифга янги вазирлар маҳкамаси таркибига номзодларни танлаш топширилган ва бу вазифа бажарилиб, тасдиқлаш учун 11 августда парламентга тақдим этилганди.

Муҳаммад Жавод Зариф ташқи ишлар вазири лавозимидан ҳам ўз ихтиёри билан кетганди. Ўшанда у ватандошларидан «хизматни давом эттиришга қобил эмаслиги учун» кечирим сўраганди.

Эронда Зариф АҚШ билан муносабатларни яхшилаш тарафдори сифатида танилган. Айнан у Барак Обама даврида Эрондан санкцияларни олиб ташлашга хизмат қилувчи «ядровий битим»ни имзолашга муваффақ бўлган. Бироқ Доналд Трамп Оқ уйга келганидан сўнг Зарифнинг Ғарб билан музокараларга интилувчанлиги Эронда танқидларга учраган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг