Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эронга ҳужум Трампга қимматга тушиши мумкин. Нега?

Эронга ҳужум Трампга қимматга тушиши мумкин. Нега?

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши Исроил олиб бораётган урушга қўшилгани ортидан танқидларга нишон бўлмоқда.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Александрия Окасио-Кортес Трампнинг қонунчилик идораси рухсатисиз ҳарбий ҳаракат бошлагани импичментга, яъни муддатдан аввал лавозимидан кетказилишига асос бўлади, деб ҳисоблайди.

“Президент тегишли рухсатсиз Эронни бомбалаш ҳақида ҳалокатомуз қарор қабул қилиш билан Конституция ва Конгресснинг ҳарбий ваколатлари тартибини қўпол равишда бузди”, – деб ёзди Александрия Окасио-Кортес ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Демократик партия вакили бўлган депутат фикрича, Трампнинг ушбу ҳаракати импичмент учун “мутлақ ва очиқ-ойдин асос”дир.

Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Хаким Жеффрис ҳам президент томонидан Конгресс ижозатисиз ҳарбий куч ишлатилганини қоралаган.

“Бир томонлама ҳарбий ҳаракатлари туфайли юзага келадиган ҳар қандай нохуш оқибатлар учун Доналд Трампнинг ўзи тўлиқ ва мутлақ жавобгардир”, – деган Х.Жеффрис.

Таниқли сенатор Берни Сандерс Трампнинг Эронга ҳужуми “конституцияга мутлақо зид” эканини урғулаган. Сиёсатчига кўра, мамлакатда уруш бошлаш ваколатига эга ягона идора бу Конгрессдир, президент эса бундай ҳуқуққа эга эмас.

Демократларнинг Сенатдаги фракцияси раҳбари Чак Шумер ҳам Трампдан Эронга қарши ҳаракатлар юзасидан Конгрессда жавоб беришни талаб қилган.

Айни пайтда АҚШнинг урушқоқ қанотга мансуб сиёсатчилари Трампнинг Эронга қарши урушини дастакламоқда. Жумладан, республикачи депутат Рэнди Файн Fox News эфирида Эронга ҳужумни олқишлаган ва Трампга ушбу миссия учун тинчлик йўлида Нобель мукофотини бериш лозимлигидан баҳс этган.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ ҳарбийлари 22 июнга ўтар кечаси Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга ҳаво ҳужуми уюштирди.

Жаҳон ахборот агентликлари хабарига кўра, АҚШ Фордодаги ерости ядро объектига B-2 бомбардимончи учоқлари орқали 6 дона GBU-57 русумли, 13 тоннали бункерга қарши бомба ташлаган. Исфаҳон ва Натанздаги ядро иншоотларига эса сувости кемаларидан 30 га яқин Tomahawk ракеталари отилган.

Трамп Эрон ядро объектларига ҳужум муваффақиятли кечгани ҳақида баёнот берган.

Эрон эса ҳужумдан аввал ядро иншоотлари ходимлари ва бойитилган уран хавфсизлик жойга кўчирилгани, етказилган зарар ҳам у қадар катта эмаслигини маълум қилган.

Расмий Теҳрон Вашингтон ҳужумларидан кейин ҳам ядровий дастурни давом эттиришини айтган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш АҚШнинг Эронга ҳужумини “хавфли эскалация” деб атаган ва муаммони ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги, ягона йўл дипломатия эканини уқтирган.

Таҳлилчилар АҚШнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда суверен давлатга уюштирган ҳужуми оқибатида Яқин Шарқда вазият буткул издан чиқиши эҳтимолидан огоҳлантирмоқда

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг