Эътиборли бўлинг, «ҳожатбарорлар»га чув тушманг!

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда мобил қурилмаларни IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказишда муаммолар кўпайгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Унга кўра, мобил қурилмани юртимизга олиб киришда божхона декларациясидан ўтказишни унутганлар ва биринчи марта eSIM фаоллаштирганларда ушбу муаммо кузатилган. Натижада “Малика” бозорида IMEI кодни “ноқонуний” фаоллаштириш нархи 30-40 доллардан 250 долларга қадар кўтарилиб кетгани айтилмоқда.
Xabar.uz ахборот таҳлилий портали вазиятни ўрганиш учун “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” давлат унитар корхонасига мурожаат қилди.
Юзага келган ҳолат муаммоми?
“Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” ДУК директори ўринбосари Баҳром Зияев томонидан маълум қилинишича, мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби 100 фоиз рақамлаштирилгани ва шаффоф бўлиши қора бозорда муаммоларни юзага келтирди.
– Юртимизда барча соҳаларда бўлгани сингари IMEI тизими ҳам тўлиқ рақамлаштирилди. Шу сабабли ҳозирги вақтга қадар сояда бўлиб келган айланмалар юзага чиқиб, чегарадан ноқонуний олиб ўтилган қурилмаларни сохта маълумотлар асосида рўйхатга олиш уринишлари олди олинди.
Гап шундаки, илгари тизим шунчаки фуқаро чегарани кесиб ўтган ёки ўтмаганини текширар ва мобил қурилмани рўйхатдан ўтказишга рухсат берар эди. Эндиликда тизим тўлиқ рақамлашган, божхона билан интеграциялашган ва фақат божхона декларациясида кўрсатилган қурилмаларни белгиланган меъёр асосида давлат божини тўламасдан рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Белгиланган тартиб асосида жисмоний шахслар ўзи фойдаланиши учун 1 000 АҚШ долларигача нархдаги мобил қурилмани юртимизга олиб кирса, ҳеч қандай бож тўламайди. Фақат бунинг учун маҳсулотни юртимизга олиб кириш асносида уни божхона декларациясида кўрсатишлари лозим бўлади.
Тадбиркорлар импортни амалга оширган тақдирда эса, маҳсулотга 12 фоиз ҚҚС ва 5 фоиз бож тўлашлари керак. Мана шу икки ҳолатда қурилмани IMEI рўйхатдан ўтказишда ҳеч қандай муаммога дуч келинмайди.
Аксинча, бўлган ҳолатларда эса Давлат божхона қўмитаси сайтига кириб, қурилмани рўйхатдан ўтказиш ва 30 фоиз қийматда бож тўлашларига тўғри келади.
– “Малика” бозорида ноқонуний тарзда мобил қурилмани IMEI рўйхатдан ўтказиш мумкинми?
– Йўқ, умуман мумкин эмас. Аслида “Малика” бозоридаги ўша 250 долларга IMEI код олиб бераётган сотувчилар ҳам шунчаки фуқароларнинг хабарсизлигидан фойдаланишмоқда. Яъни, улар Давлат божхона қўмитаси сайти орқали қурилмани қонуний равишда рўйхатдан ўтказиб, мижознинг пулини олишади. Фақат ўз хизмат ҳақларини ҳам устига қўйган ҳолатда. Аслида ҳар бир фуқаро бу хизматдан бемалол фойдаланиши мумкин. Бунинг учун бозорга бориш ҳам шарт эмас, шунчаки https://imei.customs.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, тегишли тўловларни амалга оширишса бўлгани.
Истеъмолчилар мобил қурилмаларни харид қилганида унинг барча IMEI кодларини рўйхатдан ўтказилганини текшириб олишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзлари билан чет элдан харид қилиб олиб келинаётган мобил қурилмаларни эса республикамиз ҳудудига кириб келишда божхона декларациясини тўлдирилиши “Малика”даги сохта операторлар хизматидан фойдаланмаслик ва ўз маблағларини беҳуда сарфланиши олди олинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter