«Фарҳод запчасть бозори»даги товламачилар қўлга олинди

Тошкент шаҳар Учтепа туманининг Фарҳод кўчасида жойлашган «Автомобил эҳтиёт қисмлари» бозорида 12 нафар шахсдан ташкил топган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Криминоген вазиятни соғломлаштириш ҳамда жиноятчиликка барҳам бериш йўналишида ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан олиб борилган мазкур тезкор-қидирув тадбирларида жиноий гуруҳ аъзолари мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатишгани аниқланган. Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 АҚШ доллари бўлишига қарамасдан, фуқародан 13 300 АҚШ долларини товламачилик йўли билан ундиришган.
Вазиятга эътироз билдириб, ўз ҳаққини талаб қилган мижозга зўравонлар қўрқитиш йўли билан таҳдид қилишади.
Яна шунга ўхшаш ҳолатда эса жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилишади. Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали ундан 15 млн сўм ундиришган.
Бундан ташқари, қонунбузарлар яна 2 нафар фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан жами 70 млн сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажаришмаган.
Таъкидланишича, жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги 1988 - 2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг аксарияти муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 165 - (товламачилик) ва 168 - (фирибгарлик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
«Тергов доирасида гуруҳ аъзоларининг бошқа жиноий ҳаракатларига ва улардан жабр кўрган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», – дейилади хабарда.
Манба: t.me
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter