Фикрлар қопқони: жамият, менталитет ва хавотирлар гирдоби

Биз яшаётган жамият, менталитетимиз, муносабатлар, турмуш тарзимиз – буларнинг барчаси фикрлашимизга, кайфиятимизга ва охир-оқибатда хавотиру ташвишлар гирдобига тушиб қолишимизга таъсир қилиши ҳам мумкин.
Кўпинча, ҳиссиётларимизга салбий таъсир қилувчи фикрнинг ўзи эмас, балки қарашларимизга бўлган муносабатимиз, улар билан қандай «ишлай» олишимиз ёки аксинча, фикрларга қандай «қуллиқ» қилишимиз муаммо бўлади.
Масалан баъзилар «Мен муваффақиятсизман» деган фикр гирдобидан чиқа олмайди. Бу фикр уни ростдан ҳам омад сари қадам ташлашга қўймайди. Кейинги пайтда шаклланаётган қарашларимизга хос яна бир неча фикрлар борки, булар ҳам тўлақонли, хавотирсиз яшашимизга тўсқинлик қилиши мумкин.
«Таълим тизимида ҳақиқат йўқ» ёки «Ҳамма жой коррупцияга ботган»
Бу каби қарашлар, албатта, жамиятдаги муаммоларни инкор қилмайди. Лекин, бу фикрларга «ҳаммаси шундай ва ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди», деган нуқтаи назар билан ёндашиш, бизни беҳол ва тушкун қилиб қўяди. Бу фикрларнинг атрофида айланиб, ҳаракатсиз қолиш эса ўзимизни хавотир ва беҳудалик гирдобига ташлашдан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, ҳар бир соҳада ҳам ҳақиқат ва шаффофлик бор, фақат уларни топиш, унга интилиш керак.
«Суриш керак» (ривожланган давлатга кетиш орзуси)
Кўпчилик ёшларимиз ва ҳатто катталар ҳам «хорижда яшаш» ёки «четга кетиш» орзусида бўлади. Буни «суриш» деймиз ва бу кўпинча ўз ҳаётидаги бор имкониятларни инкор қилиб, бу ерда яшаш яхши эмаслигига ишора қилади ёки шунга ишонади. Ваҳоланки «сурмасдан» яхши яшаётганлар, ўз ҳаётида эришганига розилар ҳам кўпчилик. Бу фикр ўз кучига ишонмаслик, таваккал қилишдан қўрқиш ёки бу ердаги ҳаётни яхшилаш учун ҳаракат қилмасликни билдириши ҳам мумкин. Аслида имконият ҳар ерда бор, фақат уни кўра билишимиз ва яратишимиз керак.
«Камбағаллар ва етишмовчилик кўп, ҳаёт жуда оғир»
Камбағаллик ва қийинчиликлар ҳаётнинг бир қисми. Лекин «ҳамма ёқда шу, мен ҳам шундай бўламан» деган фикр, инсонни ўз имкониятларини кўра олмайдиган қилиб қўяди – ўзига бўлган ишончни сўндиради ва ривожланиш йўлидан тўсади. Ваҳоланки, билими, меҳнати билан муваффақиятга эришганлар ҳам кўп.
«Оилам мени тушунмайди» ёки «Мени ҳеч ким, ҳеч қачон тушунмайди»
Бу каби умумий хулосалар, айниқса, ёшлар ва ўсмирлар орасида кенг тарқалган. Бу фикрлар, кўпинча, бирор ҳолатни муҳокама қилмаслик ёки ўз ҳис-туйғуларини тўғри ифода қила олмаслик натижасида. «Ҳеч ким тушунмайди» деган қараш, ўзини изоляция қилишга, ёлғизланишга ва янада кўпроқ ташвишга олиб келади. Ваҳоланки, ҳар бир одамда, ҳар бир муносабатда тушуниш учун имконият бор ва ҳаракат қилиш қилиш керак.
«Ҳаётда ҳамма менга қарши» ёки «Бутун дунё менга қарши»
Бу «бахтсизликни, омадсизликни ўзига жалб қилиш» фикри. Ҳар бир кичик муаммони ёки ташвишни ҳаётим шундай, фақат менда доим шундай бўлади, деган хулоса билан қабул қилиш, аслида ўзимизни қурбон ҳиссида сақлаб қолиш ва ҳаракатдан тўхташ демакдир.
«Агар мана шуни қила олмасам ёки бу ўхшамаса ҳаммаси тамом»... Мана шундай фалокатлаштирилган фикрлар, бизни доим стресс ва хавотирда яшашга мажбурлайди. Бир кичик муваффақиятсизлик ёки режадаги ўзгариш, бутун ҳаётимизни тугаб қолгандек ҳис қилишимизга сабаб бўлади.
Бу каби қарашлар ўзига хос фикрлар қопқони бўлиб, бизни хавотир ва ташвишларнинг чуқур ўрасига (гидобига) тортади. Улар бизни ҳақиқатни кўришдан, муаммоларни ҳал қилиш йўлларини излашдан тўхтатади. Британиялик психолог Э.Уэллс томонидан ишлаб чиқилган метакогнитив терапия (МКТ) нинг асосий ғояси ҳам шунда – биз бу фикрларнинг мазмунини исботлаш ёки инкор этишга уринмасдан, уларга бўлган муносабатимизни ўзгартиришни ўрганишимиз керак. Яъни ҳа, бу муаммо бор, лекин мен бунга қандай ёндоша оламан, мен нима қилишим керакки аҳволим яхшилансин, деган саволлар билан муаммони ҳал қилиш лозим. Муҳими биз бу фикрларни ҳақиқат деб қабул қилишдан тўхташимиз ва уларни хавотир уйғотувчи, лекин ўзгариши мумкин бўлган фикрлар сифатида кўра билишимиздир.
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter