Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фозил ижодкор тафаккури: «Болалик эртагим» ҳақида

Фозил ижодкор тафаккури: «Болалик эртагим» ҳақида

Истеъдодли журналист ва ёзувчи Фозил Фарҳоднинг «Болалик эртагим» публицистик мақолалар, эсселар, очерклар, тақризлар ва суҳбатлар тўплами чоп этилди.  

Китобдан муаллифнинг 2011-2025 йилларда «Янги Ўзбекистон», «Халқ сўзи», «Моҳият», «Ҳуррият», «Маърифат», «Ватанпарвар», «Келажак овози», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ишонч», «Китоб дунёси», «Даракчи», «Солиқ плюс» газеталарида, «Ёшлик» журналида, турли ижтимоий тармоқларда чоп этилган элликка яқин энг сара мақолалари ўрин олган.

Муаллифнинг болаларча беғубор қалби, гўзал образли ўхшатишлари, пок орзу ва умидлари билан тўйинган, сохталиклардан йироқ, юрагида уриб турган уйғоқ хотиралари якунда йиғилиб-юксалиб, «Болалик эртагим» тўпламига айланади. Уларда ижодкор жамиятдаги энг ўткир муаммоларни хаспўшламай, аниқ-лўнда ўртага қўяди. Ҳар доим миллатга манфаатли масалалар, юртнинг орига дахлдор мавзуларни кўтаришдан сира чарчамайди.

Серқирра ижодкор Фозил Фарҳод бир вақтнинг ўзида амалиётчи журналист ўлароқ ички руҳияти ва тафаккур кенгликларининг ажиб дунёси, бетакрор табиатга ошуфталиги, ижтимоий эврилишларни янгича сезимлар-ёндашувлар билан ифодалаши, барча чиқишларида инсон-табиат-жамият учлиги ҳалқаси мезонидан туриб, муаммоларга жиддий урғу беришига гувоҳ бўласиз.

Муаллиф «Ўзбекистон 24» телеканалида ишлаб юрган давридаги хатлар ва шикоятларни ўрганиш учун жойларга чиқиб, аҳолини қийнаган кўплаб масалалар тўғрисида жонсарак-бедор юраги ачишиб ёзади. Жумладан, у «Ҳуррият» газетасидаги «Менинг уйим» мақоласида сўнгги йилларда тобора йўқолиб бораётган миллий меъморчилик анъаналари ҳақида куйинади.

Ўлмас санъат асарлари билан ҳамон қалбларимизда катта ҳурмат ва эҳтиром уйғотиб келаётган буюк рассом Рўзи Чориев салоҳияти ва табиат дунёси уйғунлигини жуда теран тасвирлайди: «...ижодхонасига кирган инсон бир лаҳза бўлса-да, хаёлларга берилиб, Сурхон воҳаси бўйлаб саёҳат қилмасдан кетмайди. Менинг-да хаёлларим йироқ-йироқларга улоқиб кетади. Баъзида Бойсуннинг виқорли тоғларини кезсам, баъзида булоқдан сув олиб келаётган келинчакка кўмаклашаман. Гоҳида адир кенгликларидан ўтиб, чироғи ёниқ қолган кулба томон ошиқаман. Кулбада соч-соқоли оппоқ мусаввир расм чизиб ўтиради. Мўйқалам бир зумда қоғозга айлана чизиқлар қолдириб, кўз ўнгимда анорлар суратини гавдалантиради. Бу менга таниш. Бобомнинг боғидаги анорлар. Юзлари қонталош. Гўё ичида дарди бор. Хивчинда калтаклангандай баданиям қип-қизил. Анорларнинг юракни эзувчи толали инграшлари қулоғимга чалиниб турибди. Худди нимадандир норозидай, нуқул фиғон чекаверади. Ўксийверади. Йиғлайверади. Қўлини умидли чўзиб, кимдандир нажот тилайверади. Шунча дард, шунча аламнинг боисини билиш учун мусаввирга мурожаат қиламан. У ҳам нимадандир куюнгандай бошини сарак-сарак қилади. Гўё бу менинг дардим, Сурхонимнинг дарди дегандай».

Фозил Фарҳод ўз мақолаларида уруш ва жаҳолатни қоралар экан, оламни ёвузликлардан фақат илм-маърифат, таълим ва китобхонлик қутқаришини бот-бот такрорлайверади: «Урушлар туфайли болалар кўп нарсалардан мосуво бўлиб улғаяркан. «Сен етим эмассан» фильмини бир эсланг! Уруш оқибатида дунёдаги қанчадан-қанча болалар етимлик даҳшатини ҳис қилган-а! Ярим аср оралиғида икки катта уруш. Икки улкан жанг. Икки катта талафот. Бу парокандаликдан кўпроқ улар азият чеккан. Қорни нонга тўймаган. Ота меҳрига зориқиб ўсган. Мактаб нима эканини унутган. Тўйиб китоб ўқиёлмаган. Картинадаги турли миллат болаларининг мўлтираб қарашлари, жовдираб туришлари менга нуқул бир нарсани қайта-қайта уқтиргандай бўлаверади: «Қолганларга айтиб қўйинг! Биз тўйиб-тўйиб китоб ўқишимиз учун бошқа уришишмасин!» Ростданам, уларнинг илтижолари ҳаққи буёғига уруш бўлмасин!»

Айрим мақолаларида Ойбек, Эркин Аъзам, Собир Ўнар каби тан олинган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг баъзи асарлари, ибратлари ва ҳаётий кечмишлари мисолларида тўқмағизли қаймоқ ғояларни, мазмунли фалсафий қарашларини айтмоқчи бўлган ғоясига сингдириб боради.

Журналистикамизнинг забардаст дарғалари, муаллифнинг устози – Шерзодхон Қудратхўжа, шунингдек, таниқли ҳиндшунос, таржимон Амир Файзулла ҳақида кўп нарсани билиб олиш мумкин. Булар ҳақида баён этар экан, бир-биримизга, устозларга эътиборлироқ, оқибатлироқ ва меҳр-муҳаббатлироқ бўлишимиз кераклигини эслатишдан асло чарчамайди.

Муаллифнинг қаҳрамонлари қиёфаси ва характерлари турфа хил – коррупцияга илдизигача ботиб кетган туғруқхоналардаги «каламуш» порахўрлардан тортиб, олис ўрмонларни бир умр ўзига макон қилган ватансевар ўғлонлар, севган касбига бутун умрини бахшида этган чин фидойи инсонлар ҳақида ўқиш мумкин.

Маҳорати йил сайин чархланиб бораётган оловқалб, куйинчак ва миллатпарвар муаллиф журналистиканинг тириклик дарёлари ҳақида, ўзбек тилига эътиборсизликнинг аянчли оқибатлари, замонавий адабиётимизнинг энг яхши тенденциялари, миллат руҳимизнинг ташқи таъсирлар натижасида эврилиб бораётгани тўғрисида бонг уради.

Жадидларнинг қонли тақдирлари, жумладан, миллат ойдини, забардаст ёзувчимиз Абдулла Қодирий қисмати уни доим оғриқли титроққа солади.

Фозил мақолаларни шунчаки ёзмаган, балки улар ичида яшаган, деган хулосага келиш мумкин. У ижтимоий мажбуриятларини албатта яхши англайди, лекин ҳар доим кўнгил буюртмаси-буюрганини ёзади, маддоҳликдан ҳоли тарзда қалб кўзидан отилаётган ижод булоғи зилоллигини сақлашга интилади, ҳар сатрда ўқувчининг реакциясини ҳис қилиб туради.

Кўплаб мақолаларида бутун кучи билан соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, адабиёт ва санъатнинг шайдоси сифатида сўнгги йилларда ишланган энг ёрқин фильмларни чуқур таҳлил қилади.

Шеробод достончилик мактабининг оға-ини вакиллари – Қора бахши ва Чори бахши Умировлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, cоҳир таржимон, моҳир муҳаррир, болаларнинг суюкли ёзувчиси Носир Фозилов, адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Абдулла Улуғов, адиба, таржимон Маъсума Аҳмедова, тиббиёт фанлари доктори Жуманазар Бекназар, «Муштум» журнали бош рассоми, карикатурачи Ҳусан Содиқов, korzinka.uz асосчиси Зафар Ҳошимов, «Ўзбекистон Президенти Мирзиёев» китоби муаллифи, кореялик ёзувчиси Чо Чол Ҳён билан сермазмун суҳбатлар ўқувчининг диққатини фаол жалб этади.

Жумладан, Эшқобил Шукур билан «Адабиёт – барча санъатнинг онаси» суҳбатидаги қуйидаги фикрлар ниҳоятда қимматли: «Улғайган нигоҳлар билан ҳаётга қарашнинг ўз ҳикмати бўлади. Унда тажриба ва билим бор. Лекин бола нигоҳи билан ҳаётга қарашнинг гўзал завқлари бўлади. Бунда ҳайрат ва илҳом бор. Одамда ушбу икки нигоҳ бирлашса, ҳаётининг икки қутби мувозанатга келади…

Менга ҳамма санъатнинг онаси адабиёт бўлиб кўринади. Инсон руҳининг энагаси ҳам адабиёт бўлган. Ҳар қандай санъатнинг ичида адабиёт йўқ экан, унинг моҳияти ҳам бўлмайди. Тошга расм чизаётган ибтидоий одам ўз ичидаги адабиётни ифодалаган. Янаям аниқроғи, адабиёт ўша одамнинг ичига сиғмай кетаверган. Кейин у тошни ўйган ва сурат чизган».

Фозил Фарҳод сўнгги йилларда қўшни мамлакатларга ва Кореяга амалга оширган бир нечта ижодий сафарлари таъсирида ўзбек-корейс, ўзбек-қирғиз халқлари ўртасида ривожланиб бораётган кўп қиррали дўстлик, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларига ўз кўрганлари, адабий учрашувларидан олган унутилмас таассуротлари асосида аниқ мисоллар орқали очиб беради, элларимиз қалбларига маънавий кўприк бўлади.

Ҳеч шубҳасиз, тасаввур, таассурот, кучли руҳий эҳтиёж, кўп йиллик изланишлар маҳсули бўлган ушбу тўплам ўқувчилар қалбидан муносиб ўрин эгаллайди. Муаллиф «Ижодкорнинг бахти» мақоласида айтганидай, «адабиёт – чексиз уммон. Тўғрироғи, шоиру ёзувчиларнинг юрак энтикишларию изтироблари, қувончларию дардларидан ҳосил бўлган барҳаёт денгиз. Бу уммонга ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб нимадир қўшади: кимдир ўн челак, кимдир бир томчи».

Тафаккури очун кезаётган фозил ижодкорнинг бадиий маҳорати келгусида янада ошиб, халқимизга янги гулдасталар туҳфа этишига ишонамиз.

Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг