Фронтдан келган қора хат, аёл матонати ва аскарлар хотираси... «Шон-шараф» музейига саёҳат қиламиз
«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида мақола ва фотолар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг навбатдаги манзили – Иккинчи жаҳон уруши фожиаларидан ҳикоя қилувчи «Шон-шараф» давлат музейи.
Манзил: Тошкент шаҳри, Сағбон кўчаси, 382-уй.
Кириш пулли: 6 минг сўм; ўқувчи ва талабалар учун чегирмали нархлар белгиланган. Нафақа ёшидагилар, етти ёшгача бўлган болалар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, имконияти чекланганлар ва уруш фахрийлари (уларни кузатиб келганлар) учун бепул.
Экскурция хизмати: Ўзбекистон фуқаролари учун 40 минг сўм.
Иш вақти: Душанба – якшанба 09:00 дан 18:00 гача.
Дам олиш куни: Йўқ.
Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 3 соатгача вақт сарфланади.
Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб инсонлар тақдирини ўзгартириб юборган, инсоният тарихидаги энг катта қирғинбарот сифатида тарихда қолган. Дунё яна бир марта шундай даҳшатли фожиага йўл қўймаслиги, уруш аёвсиз, ғолибсиз, фақат йўқотишлардан иборат эканлигини англаш учун ҳам тарихнинг бу улкан хатосини кўпроқ ўрганишимиз лозим. Ғалаба боғи ва унинг таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи шу мақсадда ташкил этилган.
Музейда Иккинчи жаҳон урушида фронт ва фронт ортида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги фото ва видео маълумотлар, уруш даҳшатини акс эттирувчи экспонатлар, фронтдан йўлланган мактублар, жанг майдонларидан топилган буюмлар, тарихий ҳужжатлар ўрин олган.
Кириш қисмидаги деворда рассом Алишер Алиқуловнинг «Тошкент вокзали» асари ўрин олган. Асар 22 метр бўлиб, унда шаҳарнинг энг гавжум объекти – вокзалдаги бир куннинг жонли тасвири акс этган.
– Музейимиз Ғалаба боғининг асосий қисми ҳисобланиб, у икки қаватдан иборат, – дейди Кўчма кўргазма бўлими етакчи мутахассиси Хадича Рашидова. – Биринчи қават бешта бўлимдан ташкил топган. Бунда асосий эътибор урушнинг бошланиши, аскарларни кузатиш, фронтга юборилган ёрдам, яраланган аскарларни даволаш жараёнлари, уруш йилларида илм-маърифатга этибор, аёл матонати ва урушнинг даҳшатли оқибатлари экспонатлар ёрдамида очиб берилган.
Иккинчи қават эса учта бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда фронтга кетган аскарларнинг мукофотлари, фахрий ёрлиқ ва буюмларининг оргинал намуналари сақланади. Иккинчи бўлимда ҳарбий тизимлар орқали юборилган ёрдамлар акс эттирилган. Учинчи бўлим эса ҳарбий қурол ва техникаларга бағишланган, улар орасида оригинал экспонатлар ҳам мавжуд.
– Экспонатларнинг неча фоизи асл нусхадаги ҳисобланади?
– Музейимизда 20 мингга яқин тарихий аҳамиятга эга буюмлар мавжуд бўлиб, уларнинг 80-90 фоизи асл нусхада. Энг ноёб экспонатлар сифатида асл нусхадаги ҳарбий техника, орден ва медалларни айтишимиз мумкин.
– Экспонатлар қандай тўпланган?
– Музей ташкил қилишдан олдин Иккинчи жаҳон урушига алоқадор экспонталар кераклиги ҳақида вилоятлар кесимида эълон берган эдик. Кўплаб инсонлар бунга бефарқ қарамай, ёрдам берди. Шу боис экспонатларнинг катта қисми оилавий архивлардан тўпланди. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли бугунги кунга қадар Иккинчи жаҳон урушига алоқадор буюм ва ҳужжатларни тақдим этиб келмоқда. Бундан ташқари, хориждаги музейлардан олиб келинган ҳарбий техникалар бор. Шунингдек, Ўзбекистон миллий кинофонди томонидан тақдим этилган ҳужжатли фильмлар, либос ва буюмлар ҳам музей экспонатлари орасида энг аҳамиятлиларидан ҳисобланади.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана ва дам олиш кунлари учун режангиз бўлмаса, албатта, «Шон-шараф» давлат музейига ташриф буюринг.
Дилроз Абраева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter