Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия оғир аҳволда, Туркияда янги тақиқ, қурбонлар сони 100 мингдан ошди... Жаҳондаги вазият

Германия оғир аҳволда, Туркияда янги тақиқ, қурбонлар сони 100 мингдан ошди... Жаҳондаги вазият

Германияда кўплаб шифохоналарда коронавирус билан касалланган беморлар учун зарур дори-дармонлар етишмаяпти.

Биринчидан, ўпкани шамоллатиш учун ишлатиладиган аппаратлар етишмаслиги кузатилмоқда.

Ҳозирга қадар Германияда тасдиқланган инфекция ҳолатлари сони 113,5 мингдан ортиқ, 2373 киши вафот этган.


Туркия ҳукумати келаётган шанба ва якшанба кунлари коронавирус пандемияси сабаб 31 вилоят аҳолисини, шу жумладан, Анқара ва Истанбулда яшовчиларни уйларидан чиқишни тақиқлади. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирлиги хабар берди.

«11 апрель соат 00.00 дан бошлаб икки кун давомида 31 вилоят (шу жумладан Анқара ва Истанбул шаҳарлари) аҳолисига уйдан чиқиш тақиқланади. Тафсилотлари кейинроқ маҳаллий ҳокимият томонидан эълон қилинади», — деди Туркия ИИВ баёнотида.


«Теодор Рузвелт» самолёт ташувчисида коронавирус билан касалланган сони икки бараварга ошди.

Улкан кема экипажи аъзолари орасида уч кун ичида коронавирус билан касалланган денгизчилар сони икки баравар кўпайди. Коронавирусга топширилган тест 447 кишида мусбат чиққан. 7 апрель куни 230 киши вирусга дучор бўлгани хабар қилинганди.


Италия расмийлари коронавирус учун карантинни узайтиришга қарор қилишди. Шундай қилиб ушбу мамлакатдаги карантин режими 3 майгача узайтирилди.


Борис Жонсонга мурожаат қилган шифокор коронавирусдан вафот этди. Лондоннинг Хомертон касалхонаси ходими, уролог Абду Мабуд Чоудхурий коронавирусдан вафот этди. У уч ҳафта аввал Британия ҳукумати раҳбари Борис Жонсонни коронавирусга қарши курашда қатнашаётган шифокорлар хавфсизлиги учун эътибор қаратиши зарурлиги тўғрисида огоҳлантирган эди.


Дунё бўйлаб коронавирус инфекцияси қурбонлари сони 100 мингдан ошди. Жонс Ҳопкинс университетининг мониторинг маркази маълумотларига кўра, глобал эпидемиядан 100.376 киши вафот этган.

Энг кўп қурбонлар Италияда — 18 849 киши вафот этган. Испанияда 15 970 киши, Францияда 12 210 киши қурбон бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг