«Google» Хитойда сунъий интеллектни тадқиқ қилиш марказини очди
«Google» ушбу лойиҳасини Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлашидан умидвор.
«Google» компанияси ҳар йили ўтказиладиган «Developer Days» анжумани доирасида Пекинда сунъий интеллектни тадқиқ қилиш маркази очилганини маълум қилди, деб хабар берди «Texnomaniya.ru».
«Коммерсант» нашрининг маълум қилишича, марказда «Google»нинг сунъий интеллект соҳасидаги мутахассислар гуруҳи бир неча юзлаб муҳандисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида иш олиб боради. Айни вақтда Хитойда уларни танлаш бўйича фаол ишлар кетярти. Марказга «Google Cloud»нинг бош илмий консултанти Фей Фей Ли (бунга қадар Стенфорд университетидаги сунъий интеллект лабораториясини бошқарган), «Google Cloud» тадқиқот ва ишлаб чиқариш раҳбари Цзя Ли (аввал «Snap» компаниясида ишлаган) раҳбарлик қилади. Янги марказ ўз тадқиқотларини компаниянинг Ню-Йорк, Лондон ва Цюрихда жойлашган шу турдаги марказлари билан мувофиқлаштиради.
«Ишончим комил-ки, сунъий интеллект ва уни имкониятлари чегара билмайди. Янгилик қаерда амалга оширилишидан қатъи назар — хоҳ у Кремний водийсида, хоҳ Пекинда ёки бошқа жойда бўлсин, у дунёдаги ҳар бир одамнинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилади», — деди профессор Ли.
Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати жорий йилнинг ёзида 2025 йилга қадар тўлақонли сунъий интеллект саноатини яратиш ниятида эканлигини, бу эса мамлакат иқтисодиётига ҳар йили 60 миллиард доллар олиб келишини маълум қилганди. 2030 йилга бориб Хитой ушбу соҳа бўйича дунёда етакчига айланиши кутилмоқда. Шу сабабли «Google» ушбу лойиҳасини Хитой ҳукумати қўллаб-қувватлашидан умидвор.
Ўз навбатида, компанияга «Baidu», «Tensent» ва «Alibaba» каби йирик технологик компаниялар қаттиқ рақобат кўрсатиши, табиий.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter
Изоҳлар мавжуд эмас