Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Грант»да ўқиганлар давлатга уч йил ишлаб беради, бу тартиб бекор бўлмаган – вазирлик

«Грант»да ўқиганлар давлатга уч йил ишлаб беради, бу тартиб бекор бўлмаган – вазирлик

Ижтимоий тармоқларда давлат гранти асосида таҳсил олган ОТМ битирувчиларини мажбурий тартибда камида 3 йил ишлаб бериш талаби бекор бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга Президентнинг 2022 йил 15 июндаги ПҚ-279-сон қарори 3-иловаси билан 2005 йил 2 июнда кучга кирган «2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги ПҚ-92-сон қарорнинг бекор бўлгани ҳақидаги банд асос қилиб келтирилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур хабарларга муносабат билдириб, бу трартиб амалда сақланиб келаётганини ёзмоқда.

Қайд этилишича, Президентнинг 2005 йил 2 июндаги қарори 6-бандида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш юклатилган.

Мазкур топшириққа мувофиқ 2005 йил 7 июлдаги 58, 154-1, 19 ва 02/2658-сонли қарор билан Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги 279-сон қарори 3-иловасига мувофиқ Президентнинг айрим қарорлари, жумладан, 2005 йил 2 июндаги 92-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди. Аммо мазкур қарор ижросига кўра ишлаб чиқилиб, тасдиқланган Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотмаган.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 46-моддаси биринчи қисмига кўра эса «илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим».

Шунга кўра, ҳозирга қадар низомдаги тартиблар янги ҳуқуқий нормаларга зид эмас ва ушбу низомни ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича қоида бирор-бир норматив ҳужжатда кўзда тутилмаган», – дейилади расмий муносабатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг