«Грин-карта» лотереяси учун янги тартиб: энди ариза топшириш 1 доллар туради
2025 йил октябридан бошлаб «Грин-карта» (Diversity Visa – DV) лотереясида иштирок этиш энди бепул бўлмайди. АҚШ Давлат департаменти қабул қилган янги қоидага кўра, DV–2027 лотереясидан бошлаб иштирокчилар ариза топширишда 1 доллар миқдорида тўлов амалга оширишлари керак бўлади.
Бугунгача «Грин-карта» лотереясида қатнашиш учун ҳеч қандай ҳақ талаб этилмасди. Аризачилар расмий веб-сайт орқали анкета тўлдириб, сурат юклаб, натижаларни кутишарди. Фақат ғолибларгина кейинчалик виза олиш жараёнида 330 долларлик консуллик тўловини тўлашар эди.
АҚШ ҳукумати маълумот беришича, ариза учун белгиланган 1 долларлик тўлов:
- миллионлаб аризаларни қабул қилиш ва қайта ишлаш харажатларини қоплаш,
- IT тизимларни янгилаб туриш ва хавфсизликни таъминлаш,
- фирибгарлик ҳолатларини қисқартириш,
- лотерея тизимини барқарор ва адолатли қилиш мақсадида жорий этилган.
Авваллари баъзи шахслар ёки ташкилотлар юзлаб ёлғон ёки такрорий анкеталар топшириб, тизимни суиистеъмол қилган ҳолатлар кузатилган. Янги тўлов айнан шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.
Бу қоида 2025 йил октябридан кучга киради. Демак, DV–2026 лотереяси (2024 йилда қабул қилинган аризалар) ҳали ҳам бепул бўлади. Аммо DV–2027 учун ариза топширувчилардан 1 долларлик тўлов талаб этилади.
Ариза топшириш жараёнида тўлов онлайн тарзда, расмий веб-сайт орқали амалга оширилади. Тўлов муваффақиятли бажарилмаса, ариза қабул қилинмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter