«Ҳаж»га юбормоқчи бўлган фирибгарлар қўлга олинди

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган туристик фирма ходими — 1997 йилда туғилган шахс Бойовут туманида яшовчи 2 нафар фуқарони «Ҳаж» зиёратига юбориш эвазига 12 800 АҚШ доллари олган вақтда қўлга олинди.
Текширув давомида мазкур турфирманинг яна икки нафар — 1980 ва 1994 йилларда туғилган ходимлари ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, зиёрат сафарига юбориш ваъдаси билан пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш схемасини йўлга қўйганликлари аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонунбузарлардан икки нафарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда ҳамда ушбу ҳолатдан жабр кўрган бошқа фуқароларнинг шахсини аниқлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс ҳам «Ҳаж» амалларини адо этиш учун Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқарони муборак сафарга юбориш баҳонасида ундан 11 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter