«Ҳар бир мактаб қулф-калитли бўлди» — Миллий гвардия қанча ота-онани жаримага тортгани маълум қилинди
Миллий гвардиянинг дастлабки ўрганишларида жорий йил 6-8 февраль кунлари дарсларга сабабсиз 188 000 ўқувчи келмаганлиги аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Миллий гвардия ахборот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаров маълум қилди.
Қайд этилишича, касаллик баҳонаси билан дарсда қатнашмаслик ҳолатлари ҳам ўрганилмоқда. Қашқадарё вилоятида ўтган хафтада касал деб белгиланган ўқувчиларнинг уйларига бориб ўрганилганда 50 та ҳолатда касал эмаслиги, аксинча сабабсиз дарсга келмаганлиги аниқланган. Ўқувчиларнинг барчаси дарсларга қайтарилиб, ота-оналарига маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган.
Таъкидланишича, бу каби ҳолатлар Республикамизнинг барча худудларида қайд этилган.
«Таълим-тарбия борасидаги мажбуриятларни бажармаган 124 минг нафар ота-оналар расмий огохлантирилди, тўрт минга яқинига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий чора кўрилди», дейилади Миллий гвардия хабарида.
Айтилишича, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида республикадаги мактабларда давомат ижобий томонга ўзгариб, дарсга келмаётган ўқувчилар кунига ўртача 30 мингтага камайиб бормоқда.
«Жорий йилнинг 6 февраль кунидан 7 март кунига қадар янги тизимда амалга оширилган ишлар натижасида, 1 млн 769 минг нафар ўқувчи мактабларга қайтарилди. Ҳозирда республика буйича давомат 97,7 фоизга етди», дейилади хабарда.
Мактабларда ўқувчи ва ўқитувчиларни хавфсизлигини таъминлаш борасида қоровулларнинг янги иш тизими жорий қилинган.
«Олдин мактаб қоровули фақат тунги пайтда мактаб ичкарисида ўтириш билан чегаралган бўлса, ҳозирда янги иш тартиби бўйича бир нафар қоровул кундузги вақтда хизмат олиб боради, мактабга бегоналар киришини олдини олади, кириш-чиқиш ва ички тартибни назорат қилади. Қоровуллик лавозимлари босчиқма-босқич ҳарбий хизматни ўтаган ёш кадрлар билан тўлдирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир мактаб қулф-калитли бўлди. Ушбу тизим ўз самарасини кўрсатиб сўнги ҳафтани ўзида республикамиз бўйича 6 та турли ҳолатларда мактабларга бегоналар киришининг олди олинди», деди Даврон Жуманазаров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter