Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳид, таъм ва манзаралар контрасти – Хивадаги «Қовун сайли» қандай ўтмоқда? (фото)

Ҳид, таъм ва манзаралар контрасти – Хивадаги «Қовун сайли» қандай ўтмоқда? (фото)

Қовун сайли бўлиб ўтаётган «Арда Хива» мажмуасига кирсангиз, энг аввало димоғингизга қовун ҳиди уради – муаттар, иштаҳани қитиқловчи, ажойиб ҳид. Кейин эса ўрта асрларга ҳос биноларга кўзингиз тушади – ажойиб иморатлар, кичик кўл, анҳор ва қайиқлар.

Бу ўринда тарихий манзаралар қоришиб кетгани ҳам ўзига ҳослик касб этган – Хива хонлигига ҳос меъморий иншоот ёнида Венеция каналлари бунёд этилган, европача кўприклар остидан соф итальян қайиқлари сузиб юрибди, атрофда сайр этаётганлар орасида эса ўзимизнинг қоракўзлар қатори дунёнинг турли жойларидан келган сайёҳлар бор.

Буларнинг барчаси фестивалга ярашиқли бир контрастни юзага келтирган. Қовун сайли шунчаки гастрономик тадбир эмас, балки турли таъм, анъана ва қадриятлар омухтаси бўлиб туристларни ўзига жалб этмоқда. Бундай тадбирлар юртимизга қанчалик кераклигини шу ерга келсангиз ҳис қиласиз.


Энг қойил қоларли жиҳат – фестивал давомида турли қовун навларини нафақат кўришингиз, балки татиб кўришингиз ҳам мумкин. Бу тадбир шунчаки сайёҳликни тарғиб этиб қолмайди, балки йўқолиб кетиш хавфи остида турган юзлаб қовун навларини сақлаб қолишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.


Маълумот учун: «Арда Хива» замонавий сайёҳлик мажмуаси 24,5 гектар майдонни эгаллаган. Мажмуа таркибига 18 та меҳмонхона, 24 та ресторан ва кафе, ҳунармандчилик уйлари, шарқ бозори, аквапарклар, 3000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр, сайр қилиш учун қулай қирғоқ бўйи, мусиқали фаввора ҳамда бошқа сайёҳлик инфратузилма объектлари киради. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 5000 нафаргача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг