Ҳудудларда мумкин бўлган амалиётлар учун республика марказларига йўлланма берилмайди – Президент

Президент йиғилишда ҳудудларда юқори технологик операцияларни ўтказиш имконияти бўлсада, беморлар ҳали ҳам Тошкентга келаётганини қайд этди. Мисол учун, ўтган йили юрак ишемик касаллиги бор беморларга кўрсатилган коронарография ва стентлаш амалиётининг 80 фоизи Тошкентда бажарилган.
Жарроҳлик амалиёти талаб қилмайдиган юрак ишемик касаллиги бор беморларни ҳам пойтахтга келиши камаймаган.
Эски «ордер» тизимидан воз кечилиб, имтиёзли тоифадаги шахсларни «электрон йўлланма» орқали даволашга ўтилганига икки йил бўлди.
Лекин республика марказларининг бирортаси беморларнинг вилоят ёки туманда қолиб даволанишидан манфаатдор эмаслиги танқид қилинди. Сабаб – маблағнинг асосий қисми ҳалигача республика марказларига ажратилмоқда.
Шу муносабат билан республика марказларида бюджет ҳисобидан фақат юқори технологияли мураккаб амалиётлар ўтказилиши белгиланди. Туман ва вилоятда бемалол қилиш мумкин бўлган амалиётлар учун республика марказларига йўлланма берилмайди.
Мутасаддиларга республика, вилоят, туманга йўлланма бериладиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш топширилди.
Бу йил электрон йўлланма асосида даволашга бюджетдан 1,1 триллион сўм ажратилмоқда.
Мутасаддиларга ҳудудларга ажратиладиган маблағлар улушини 14 фоиздан 30 фоизгача ошириш топширилди. Ўтган йили ҳудудларга 100 миллиард сўм берилган бўлса, бу йил ушбу маблағ 350 миллиард сўм бўлади.
Электрон йўлланма бериш ва тақсимлаш тизими ҳам тубдан ўзгаради. Йўлланмага киритилган касалликларни даволаш хизматларига ягона базавий нарх тасдиқланади. Эндиликда беморга республика даражасида даволаниш учун берилган йўлланма ягона электрон платформага жойлаштирилади.
Платформада республика маркази, бошқа вилоятдаги давлат ва хусусий клиникалар иштирок этади. Яъни, йўлланма учун танлов бўлиб, шифохоналар беморни қачон қабул қилиши, қандай даволаши, керак бўлса, шифокорини ҳудудга юбориб, муолажани ўша ерда қилиши бўйича энг мақбул таклифини беради. Ушбу таклифлар асосида бемор ўзига энг қулай шифохонани танлайди.
«Шунда республика марказлари ва ҳудудий шифохоналар ўртасида эркин рақобат бўлади», - деди Президент.
Умуман, тиббий суғурта тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter