«Ҳур Ватан» китоби муаллифи 70 ёшни қаршилади

Иқтидорли ижодкор – шоир, таржимон ва публицист Нуруллоҳ Остонов табаррук 70 ёшни қаршилади. Нуруллоҳ аканинг шеърлари билан ўқувчилигимда танишганман. Шоирнинг дастлабки «Юлдузлар чақнаган тун» номли шеърий тўплами ёш ижодкорлар Темур Каримов ва Асрор Қиличевлар билан ҳамкорликда 1987 йили чоп этилади. Унда жажжи болажонларга аталган шеърлар талайгина. Ана шундай шеърларидан бири «Низомжоннинг орзуси» беғубор болакай тилидан айтилади:
Мен улғайсам бўламан
Зўр учувчи,
Булутларни пойгада
Қолдирувчи
Яқинлашиб келганда
Уйимизга
Дарров сигнал бераман
Ойи, сизга
Кейин қизил чироқни
Ёндираман
Самолётни ҳовлига
Қўндираман!
Ажойиб топилма. Айтиш керакки, шеър ёзилган йилларда болалар адабиёти анча фаол эди, бу жараён бугун суст. Болалар учун ёзиладиган асарларимиз жуда кам ва мақтагулик эмас. Аммо, Нуруллоҳ ака кўп йиллик ижоди давомида болалар учун вақт топди, унга садоқат билан қолди. Ҳатто, бир неча хорижий тиллардаги асарларни таржима қилди. Кейинчалик Нуруллоҳ ака шоир сифатида ўсди, шеърларининг қамрови ҳам кенгайиб борди, ўқувчи сифатида шеърларининг мухлисига айланавердим. Шоирнинг лирик қаҳрамонлари турфа табиатли одамлар – ҳеч кимга ўхшамайди. Уларнинг бирида «Олтовлон ва еттинчи» қиёфасида грузин биродарларимизнинг ватанпарварлигини мисол қилиб келтирса, яна бирида олис шаҳардан узоқ йўл юриб қизини соғинган отанинг уйига етиб келиши, отасини кута-кута қизчанинг ухлаб қолиши, яна бир шеърида шаҳарлик қизга алданган йигитнинг ғурурсизлигидан аразлаган баланд тоғлар тилга олинади. Деярли ҳар бир шеърида бошқаларга ўхшамайдиган, фақат Нуруллоҳ Остоновга хос услуб намоён бўлади. Ижодкор нафақат ёзган, балки инглиз, швед, чех, серб ва яна бир қатор тиллардаги асарларни рус тили орқали таржима ҳам қилган. Аммо уларнинг нашр салмоғи, адади жуда камлиги ачинарли. Шу боис, шоирнинг айнан болаларга бағишланган асарлари жамланиб қайтадан чоп этилса, бу болажонлар ва адабий жамоатчилик учун муносиб совға бўлар эди. Шу пайтга қадар шоирнинг «Чумолига хат», «Осмон тўла фаришта», «Ой чўмилар чайлада», «Яшасин офтоб каби» бир қатор китоблари чоп этилган. «Ҳур Ватан» тўплами эса турли йилларда ёзилган ватанпарварлик ва лирик мазмундаги асарларни ўзида жамлаган.
Шунингдек, Нуруллоҳ Остонов тарихий мавзуларда – «Султон Жалолиддин», «Шайх Нажмиддин Кубро», «Эна тут», «Ғалаба нони» достонларини ҳам яратган. Айни пайтда унинг асарлари рус, қозоқ, тожик ва немис тилларига таржима қилинган.
Завқли онлар соғинчи
Ижодкор ҳақидаги илк маълумотни биз унинг асарлари орқали биламиз. Нуруллоҳ аканинг болалиги ва ҳаёти ҳақида эса ўзидан эшитгим келди.
– Болалигим Самарқанднинг ёнгинасида Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида ўтган, – дейди Нуруллоҳ ака. – Кўп фарзандли оилада туғилиб ўсганман. Отам раҳматли хўжаликда оддий ишчи бўлиб рўзғор тебратган. Биз бола пайтларимизда қишлоғимиз ҳали катта ва шаҳарлашмаган бўлсада, гўё сеҳрли бир мўъжизали маскан сифатида хотирамда сақланиб турибди. Эрталабдан одамлар юмушлар билан банд бўлар, рўзғор ташвишларига кўмилиб, гўёки гап сотиш, ғийбат ёки олифталикка вақти бўлмаганми, деб ўйлайман баъзан. Шу сабаб самимият одамларни боғлаб турган. Дастлаб 8-синфгача 36-умумтаълим мактабида, битирувчи синфни қўшни мактабда ўқиганман. Кўп фанлардан ўқитувчи кам эди. Мактабларда ўрин етишмаган, бола сони кўпайиб борган. Мени адабиётга ошно қилган ўқитувчим Тўрақул Жўраев эди.
Журналистика остонасида
У пайтлар ҳозирги ЎзМУ (ўша пайтдаги ТошГУ) мамлакатимиздаги довруғи баланд дорилфунунлардан бири эди. Ҳар ҳолда мактабда мураббийларимиз бизни ёмон ўқитишмаган экан. Буни журналистика факультети талабаси бўлгач ҳис қилганман. Масалан, рус тилини яхши ўзлаштирган эканман. Аслида бўлажак журналистнинг дастлабки тасаввурлари ўқувчилик, жиддий қадамлари талабалик давридаёқ бошланади. Сўзнинг маъносини ҳис қилиш, ўринли фойдаланиш, газета ўқувчисига тушунарли ва уни сеҳрлай оладиган тарзда ёзиш ўша ҳавасмандлик давридаёқ намоён бўлади. Айниқса, ғалабани қўлга киритган чемпион, чўлда қўй боқиб юрган чўпон, ер остидан маъдан ковлаётган кончи меҳнатини ҳис қилиб ҳайрат ва ҳаяжонсиз ёзиш қийин. Шу каби уринишларим ҳарбий хизматда ҳам намоён бўлган – жамоатчи ҳарбий мухбир сифатида ёзган мақолаларим архивимда сақланиб турибди. Ҳатто Львов ҳарбий билим юрти ҳарбий журналистика факультетига ўқишга йўлланма берган. Журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиб, Тошкент метроси қурилишида ишчи бўлиб ишлаганман. Ўша пайтлари ишлаган талабанинг маоши ўзига етиб ортарди. Уйдагиларга ҳам деярли зараримиз тегмасди. Қолаверса, ишлаб ўқиётган талабанинг вақтдан унумли фойдаланишини, тиришқоқлигини билган ўқитувчилар ҳурмат билан қарашарди.
Университетдаги домлаларимиз Анвар Шомақсудов, Очил Тоғаев, Анвар Каримов, Мухтор Худойқулов, Бойбўта Дўстқораев, Сайди Умировлар бизни ўқитганини фахр билан тилга оламан. Улардан фақатгина устозимиз Мухтор Худойқулов табаррук ёшда кексалик гаштини сурмоқда. Ҳозир ўйлайман, устозлар биздай ўжар ва ҳақиқатгўй бўлажак журналистларнинг эркаликларига қандай чидаганига ҳайрон қоламан. Менимча, бутун дунёда журналистларни тайёрлашда шу каби жараён бўлса керак. Бўлажак «Тўртинчи ҳокимият» вакиллари ҳамиша янгиликка интилувчи, ҳақиқатчи, эски қолиплардан воз кечувчи, ҳамма нарсани билишга интиладиган янги авлод вакиллари бўлади. Домлаларим орасида раҳматли Очил Тоғаевга ҳурматим чексиз эди. Ўзбек журналистика назариясини ва публицистикасининг тамал тошини қўйган устоз диплом ишимга ҳам раҳбарлик қилган.
Устозларим...
Болалар шоири Турсунбой Адашбоев билан танишишим ҳам қизиқ бўлган – «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси орқали менга мақола ёзиб, қаердалигимни суриштирган. Кейин билсам, у киши болалар учун ёзган шеърларимни тўплаб, «Шарқ» нашриётига китоб қилиб чиқаришга берган экан. Турсунбой аканинг қўллови билан 2007 йил «Шарқ» нашриётида «Тонгга пешвоз чиқайлик», «Қўрқмас улоқча» тўпламларим босилиб чиқди. Бундан ҳатто хабарим ҳам бўлмаган. Шундан кейин Турсунбой Адашбоев билан устоз-шогирд бўлдик.
Маънавий устозим эса Ҳаким Назир деб ҳисоблайман. Сабаби, 1991 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинаётганимда уюшма раиси Одил Ёқубов комиссия аъзоларига қараб: Қани, кимда Нуруллоҳ Остоновга савол бор, деб сўраганида Ҳаким Назир ўрнидан туриб шундай деган: «Мен бу болани танимайман, биринчи кўришим. Лекин исм-фамилиясини айтишганидан кейин эсимга келди: унинг болалар учун ёзган шеърларини ўқиганман, жуда маъқул бўлган», деди. Шундан кейин мени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишган. Лекин мен ҳам ўшанда Ҳаким Назирни биринчи марта кўрганман, илгари танимаганман, хуллас шунақа гаплар...
Самарқанд менинг тақдиримда
– Журналист ҳаёт билан тенг одимлаши лозим, – дейди Нуруллоҳ ака. – Боиси, ҳаётдан ортда қолган ижодкор ижодкор эмас. Буни кўп кўрганман ва кузатганман. Аслида, Самарқандда таҳсил олишим ҳам мумкин эди. Аммо... ҳайрат дунёси сизни узоқ-узоқларга чорлайверади, дунёни кенг тасаввур этишни хоҳлайсиз. Самарқанд адабий муҳитининг фаолларидан ҳамюртим таниқли адабиётшунос Нуриддин Шукуровни эслаб ўтмасам бўлмас, яъни бу муҳит менга бегона эмас ва унга кейинчалик ўзим ҳам ҳисса қўшдим, деб ўйлайман. Кўп йиллар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Самарқанддаги мухбири бўлиб ишладим. У пайтлар ҳозиргидек қулайликлар йўқ эди, аммо, тезкор ахборот узатиш лозим. Кейин эса «Ахборот» дирекциясининг Самарқанд вилоятидаги мухбири бўлганман. Хизмат машинаси йўқлиги учун жамоат транспортида оғир аппарат ва микрофонни кўтариб оператор билан бирга чопиб юрардик. Лавҳа суратга олингач, кассета автовокзал орқали автобусда пойтахтга бериб юборилар, Тошкентда махсус машина кассета келишини кутиб турар, кейин уни телевидениеда монтаж қилиниб, овозлаштирилиб эфирга бериларди. Деярли ҳар куни шу аҳвол, биз вилоят мухбирлари кечқурун лавҳамиз эфирда узатилгачгина, кўнглимиз жойига тушарди. Кўп йиллик журналистлик фаолиятим шундай кечган. Қолаверса, Самарқанд вилояти ҳудуди катта. Бирда олис Пахтачида тадбирни суратга олсак, бирда тоғли Қўшрабодга чопамиз. Ўша дамлар менинг энг қизғин ва ажойиб журналистлик давриммикин, деб ўйлаб қоламан. Буни 70 ёш қаршисида туриб, ўзимни ўзим сарҳисоб қилаётганимда тушунгандайман...
Нуруллоҳ Остонов бундан ўн йиллар бурун Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг нашрида бош муҳаррир бўлиб ишлайди. Ажойиб жамоа билан қисқа муддатда нашрни ўқимишли қилишга эришади.
– Жамоатчилик вакилларининг эътиборини тортадиган мақолалар бердик, – дейди ҳамсуҳбатим ўша даврларни энтикиб эсларкан, – муаллифлар сони кўпайди. У пайтлар одамлар газета ва радио, теле экранга жуда боғланган эди. Фарзандларим Самарқандда туғилиб вояга етишди. Самарқанд менинг қалбимда илҳомлантирувчи куч, киндик қоним тўкилган юрт, улуғ маъво бўлиб қолаверади.
Яқинда эса катта изланишлар самараси ўлароқ «Халқ сўзи» газетасида яна Самарқандга бағишланган «Дунё цивилизацияси пойтахти» мақолам эълон қилинди. Унда айрим изланишлар Самарқанднинг 2700 дан ортиқ ёши билан боғлиқ янги топилмалар тилга олинган.
Қаламда сеҳр бор
Буни Нуруллоҳ Остоновнинг турли даврий нашрларда ёзган мақолаларини ўқиб ҳис этдим. Интернет кун сайин тараққий этаётган йилларда Нуруллоҳ ака «Ўзбекистон овози» газетасида бўлим мудири бўлиб ишлади ва турли публицистик мақоллари, суд очерклари билан газета саҳифаларида фаол қатнашди. Муаллифнинг ўзи ўша даврни эслаб «Ҳуррият» газетасининг шу йил 19 февраль сонида «Боқийлик саодати» мақоласида тилга олади. Унда ўзбек журналистикасининг забардаст вакили, яқин кунларда орамизда бўлган иқтидорли муҳаррир Сафар Остонов ижоди ва муҳаррирлик қобилияти ҳақида тўлқинланиб ёзади.
«Форточка очиқ бўлсин» памфлети орқали эса («Ҳуррият» газетаси 2025 йил 25 апрель сони) Нуруллоҳ ака бир пайтлар оммабоп жанр сифатида шаклланган, кейинчалик унутилган памфлет жанрининг имкониятларини намоён қилади. Бундан илгарироқ «Олтин қаламли журналистлар» тўпламида ҳам журналистнинг памфлетларидан бири эълон қилинган эди. Аслида Нуруллоҳ Остонов ижодида ҳажвия ва ҳажвий танқид ҳам муносиб ўрин тутади. Бунга ижодкорнинг «Кесакнинг таъсири», «Йиғлайдиган ўлик» ҳажвий асарлар тўпламини мисол келтириш мумкин. Айни вақтда ижодкор «Халқ сўзи» газетасининг бўлим мудири сифатида ҳам фаол ижод қилмоқда – газетанинг 2 август сонидаги «Ишончни оқламаган «Ишонч телефони» мақоласида ҳам долзарб масалалар кўтарилган.
Мустақиллик байрамининг 34 йиллик тантаналари арафасида ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» танловида Нуруллоҳ Остонов босма ОАВ ходимларининг энг яхши журналистик ишлари, ватанпарварлик, миллий қадриятларни улуғлаш, нуронийлар ва кексаларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар хусусида марказий нашрларда эълон қилинган туркум мақолалари учун 2-ўрин соҳиби дея эътироф этилди.
Тиниб-тинчимас, фидойи, ижодкорликни ўзига қисмат билган замондошимизни табаррук 70 ёши билан қутлаб, оилавий бахт ва эзгу ишларида омад тилаймиз.
Суҳбатни Ўлжабой Қаршибоев ёзиб олди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter