Ичан Қалъанинг сирини билиб олиш неча пулга тушади? Барчаси ҳисобланган

Дунёда чиройли жойлар кўп, аммо улар орасида шундай масканлар борки, ҳар қандай инсон бориб кўриши шарт. Ичан-қалъа айнан шундай жой! Агар Ўзбекистонда яшаб, ҳали Хивага бормаган бўлсангиз, ҳали қиладиган ишларингиз кўп экан.
Албатта машҳур спектаклда айтилганидек, дилни яйратадиган ҳам, тилни сайратадиган ҳам – пул! Ҳамёнда пулингиз бўлса, исталган жойга сафарга отланиш мумкин. Сафар ҳаражатлари қанчага тушишини билиш эса, сафарга тайёргарликнинг ярми деганидир!
Биз ўйлаб-ўйлаб, Ичан Қалъа сафари қанчага тушишини ҳисоблаб беришга қарор қилдик.
Сафар
Кўпчиликнинг наздида Тошкентдан Хивагача бўлган масофа 1100 километрни ташкил қилади. Аммо бу тўғри эмас, ҳамма фактларни ҳам қўшиққа қараб текшириб бўлмайди. Аслини олганда, пойтахтдан Хивагача бўлган масофа 1000 километр ҳам чиқмайди. Бироқ бу масофа ҳам барибир автомобилда сафарга чиқиш учун узоқлик қилади. Шундай экан, Тошкентдан Хивага бориш учун поезд ёки самолётдан фойдаланган яхшироқ.
Поезд
Поезд бу масофани 14 соатдан зиёдроқ вақт давомида босиб ўтади, аммо шунга яраша нархи арзонроқ – ўртача 250 мингдан, 830 минггача. 450 минг сўмга купеда бемалол дам олиб, кетсангиз бўлади.
Самолёт
Узоқ йўл юришни ёқтирмайдиганлар самолётда парвоз қилишлари мумкин. Фақат авиация ишқибозлари Хивага эмас, Урганчга учадилар. У ёқдан эса 30 дақиқада таксида Хивага етиб олишлари мумкин. Самолётга чипта нархлари ҳам турлича, ҳаммаси қачон буюртма беришингизга боғлиқ. Эконом тоифага 600 000 сўмдан 1 000 000 сўмгача бориши мумкин, бизнес тоифа нархлари эса қимматроқ, 2-3 миллион атрофида.
Албатта саёҳатга чиқиш дегани, фақат Тошкент орқали юриш керак дегани эмас. Мисол учун водийдан Хоразмга юрмоқчи бўлганлар учун Андижон – Хива темир йўл рейси қўйилган. Бу рейсдан водий аҳли тугул Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Бухородан йўлга чиқадиган сайёҳлар ҳам фойдаланишлари мумкин. Сурхондарё ва Қашқадарёдан йўлга чиқадиган воҳалик саёҳатчиларимиз эса автомобил йўли орқали Самарқанд ёки Бухорога келишлари поездга чиқиб олишлари мумкин.
Меҳмонхона
Хива – юртимиздаги туризм энг ривожланган ҳудудлардан. Бу ерда меҳмонхона ва хостеллар жуда кўп. Уларнинг нархи ҳам турлича, мисол учун 40 минг сўмга хостел топса ҳам бўлади, 1 миллион сўмдан қимматга қулай ва замонавий хона топиш имконияти ҳам мавжуд. Ўртача 200 минг сўмга эса қулай ва шинам хонада турса бўлади.
Ичан Қалъа
Хоразмда кўрса бўладиган диёрлар анчагина, аммо улар орасида Ичан-Қалъанинг ўрни бошқача. Унинг ҳар бир ғишти тарихдан ҳикоя қилади. Қизиқ факт – Ичан Қалъа ҳозирга қадар маҳаллий аҳоли яшайдиган кам сонли қалъалардан ҳисобланади. Айнан шуниси билан у уникал.
Дарвозалар
Ичан Қалъага 4 та дарвоза орқали кирилади – Боғча дарвоза, Тош дарвоза, Полвон дарвоза ва Ота дарвоза. Сайёҳлар асосан Ота дарвоза орқали қалъага кирадилар. Ичан Қалъага кириш пуллик, ҳар бир сайёҳ учун 20 минг сўм.
Калта Минор
Ичан Қалъанинг энг таниқли объектларидан бири - Калта Минордир. Бу минора шу қадар дунёга машҳурки, унинг ҳеч бўлмаганда суратини кўрмаган одам топилмаса керак. Минора Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан қурилган. У билан боғлиқ жуда қизиқарли тарих бор.
Муҳамад Аминхон минора қурилиши авжига чиққан вақтда Марв яқинидаги Серахс қалъаси сари юришга чиқади. Жангда Серахс ҳокимининг қўли баланд келади ва Муҳаммад Аминхон вафот этади. Шундан сўнг хоннинг ташаббуси билан бошланган минора қурилиши ҳам тўхтаб қолади.
Афсона
Миноранинг битмай қолгани тўғрисида бир неча афсоналар тўқилган. Улардан бирига кўра, Хива хони устага дунёдаги энг баланд минорани қурасан, деб амр қилади. Уста бошлаган иш икки йил давом этади ва минора ҳам бўй чўза бошлайди. Бу миноранинг овозаси Бухоро амирининг қулоғига етади. Амир уста билан хуфиёна шартнома тузади. Унга кўра уста Хивадаги минорани битказгач, бундан ҳам баланд ва чиройли минорани Бухорода қуриб бериши керак экан. Бу шартнома ҳақидаги маълумотларни эшитган Хива хони минора битгач, устани ўлдиришини айтади. Хоннинг машъум ниятидан хабар топган уста қочиб кетишни режалаштиради. Ўз навбатида хон устага минорадан тушмасдан ишлашни буюради. Энди уста шогирдининг хизматига муҳтож бўлиб, унга қанот ясаш учун керакли бўлган қоғоз, қамиш, ип каби ашёларни етказишни сўрайди. Аста-секин бу нарсалардан минора тепасида қанот ясаб, бир кун тонг саҳарда жанубга томон учиб кетади. Шундан кейин минора ҳам битмай қолган экан.
Тошҳовли
Албатта Ичан қалъа ҳақида қанча гапирса кам ва биттагина сафар давомида ҳаммасини қамраб олиш қийин. Шунинг учун энг сирли масканлардан бири - Тош ҳовли саройи бўлади.
Сарой Оллоҳқулихон томонидан қурилган, у тахтга чиққач ўзи учун янги сарой қурдиради. Бу сарой уч қисмдан иборат бўлган - харам, қабулхона ва меҳмонхона. Узоқ ўлкалардан келган элчилар меҳмонхонада уч кун меҳмон қилинган ва улар яширган сирлар турли йўллар билан билиб олинган.
Ўрта асрларда қандай воқеалар бўлган, хон ташқи ва ички душманларга қарши қандай курашган буларнинг барчасини фильмни кўриш асносида билиб олишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter