Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Индамас ва кўринмас қотил” Европани даҳшатга солмоқда

“Индамас ва кўринмас қотил” Европани даҳшатга солмоқда

Францияда 24 июндан буён мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: AFP

Европа қитъаси жазирама ҳукми остида қолмоқда. Буюк Британия, Франция, Германия каби давлатларда рекорд даражада юқори ҳарорат қайд этилган. Мутахассислар аномал иссиқ камида икки ҳафтага чўзилишидан башорат қилмоқда.

Франция пойтахти Париж шаҳри ҳокимияти жамоат жойларида алкоголли ичимликлар истеъмолини тақиқлаб, оммавий тадбирларни бекор қилди. Жазирама туфайли Эйфел минораси, Лувр музейи каби сайёҳлар қадами узилмайдиган масканлар ўз эшикларини одатдагидан барвақт ёпмоқда.  

Ўта юқори ҳарорат сабаб одамлар оммавий равишда канал ва дарёларда чўмилиб жон сақламоқда. Аммо эҳтиётсизлик ва хавфсизлик қоидаларига риоя этилмагани ортидан сув ҳавзаларида одам чўкиши ҳолатлари кўпаймоқда. Париж мэри Эмманюэл Грегуарга кўра, 26 июн куни Сен-Мартен каналида бир эркак чўкиб ўлган.  

Германия музофотлари ҳам аномал иссиқдан қаттиқ азият чекмоқда. Мамлакат ғарбидаги Саарбрюккен шаҳрида рекорд даражадаги юқори ҳарорат — 41,3°C қайд этилган. Об-ҳаво мутахассислари ҳарорат бундан ҳам кўтарилишидан огоҳлантирмоқда.

Испаниянинг ғарбий, марказий ва жанубий минтақаларида ҳам ўлим олиб келувчи аномал иссиқ забтига олаётир.

Даҳшатли жазирама сабаб шифохоналар тўлиб кетган. Франциядан Полшага қадар — кўплаб мамлакатлар транспорт ва коммунал хизматлари ҳам ноодатий иссиққа дош бермаётир.  

AFP маълумотларига кўра, камида 101 миллион европалик 35°C дан юқори иссиқликни бошдан кечирган.

Франция миллий соғлиқни сақлаш агентлиги якшанба куни эълон қилган баёнотда қайд этилишича, мамлакатда 24 июндан буён мингга яқин қўшимча ўлим ҳолатлари рўйхатга олинган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилишича, Европада 21 июндан бери кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво оқибатида 1300 дан зиёд инсон вафот этди. ЖССТ раҳбари иссиқлик стрессини “индамас қотил” деб атаган ва Европадаги уйлар, мактаблар ҳамда иш жойлари бундай юқори ҳароратга мослашмаганини таъкидлаган.

Жанубий Европада ҳам катта йўқотишлар кузатилмоқда. Карлос III номидаги Испания соғлиқни сақлаш институти маълумотларига кўра, 21 июндан бери мамлакатда жазирама билан боғлиқ 327 та ўлим ҳолати рўй берган.

Италия матбуоти эса беш киши, жумладан, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва бир қурувчи ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берди.

World Weather Attribution лойиҳаси олимлари ўтган ҳафта эълон қилган тадқиқотда Европадаги рекорд даражадаги жазирамага шубҳасиз инсон томонидан содир этилган иқлим ўзгариши сабаб экани қайд этилади. Олимлар фикрича, эллик йил аввал июн ойида бундай юқори ҳарорат кузатилиши ақлга сиғмас эди.

БМТнинг иқлим бўйича бўлинмаси раҳбари Саймон Стил ҳам иссиқлик тўлқини иқлим инқирози билан боғлиқ эканини таъкидлаб, инсоният кўмир, нефт ва газни улкан ҳажмда ёқишни тўхтатмас экан, экстремал жазирама янада кучайиб боришидан огоҳлантирди.

Жаҳон метеорология ташкилоти таҳлилларига қараганда, яқин икки ҳафта ичида жазирама чекинмайди, билъакс, иссиқлик тўлқини Ғарбий, Марказий ва Жанубий Европанинг кенг ҳудудларини қамрайди. Жазирама эпицентри янада ичкарига — Болқон яримороли томон силжиши мумкин.

Соҳа мутахассислари кексалар, ёш болалар, ҳомиладор аёллар, очиқ ҳавода ишловчилар ва сурункали касалликларга чалинганлар жазирамадан қаттиқ азият чекишини айтмоқда. Айни чоқда, жазирама узоқ давом этса, иссиқлик стресси ҳар қандай одамга кучли таъсир қилиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг