Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари яна бонг урди

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари яна бонг урди

Исроил Ғазо сектори аҳолиси, хусусан, болаларни атайин оч қолдирмоқда, яъни очликдан қурол сифатида фойдаланмоқда. Defence for Children International ва Doctors Against Genocide ташкилотлари томонидан эълон қилинган “Бутун авлодларнинг оч қолдирилиши” ҳисоботида шундай хулоса илгари сурилган.

Кўп йиллардан буён қамал шароитида яшаётган Ғазо сектори 2023 йил 7 октябрь куни уруш бошланганидан буён озиқ-овқат, сув ва дори-дармондан маҳрум этилган. Халқаро инсонпарварлик кўмаги киритилишига эса Исроил армияси тўсқинлик қилмоқда.

Ҳисоботда қайд этилишича, озиқ-овқат тақчиллигидан, айниқса, чақалоқлар ва сурункали хасталикларга чалинган болалар қаттиқ азият чекмоқда.

“Болалар бўтқалари йўқ, озиқ-овқат нархи қимматлаб кетган, шифохоналар вайрон этилган ёки қамалда. Очликдан азоб чекаётган болаларни қутқариб қолиш имконсиз”, дейилади тадқиқотда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторидаги гуманитар ҳалокатга эътибор қаратишга чақирган.

Аввалроқ Amnesty International Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини Фаластин халқига нисбатан геноцид деб баҳолаган эди.

2024 йил июнь ойида эса БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Жорий йил май ойида Буюк Британия, Франция ва Канада етакчилари ҳам Исроилнинг Ғазо секторидаги гуманитар вазият билан боғлиқ ҳаракатларини кескин қоралади ва яҳудий давлати ҳукуматидан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда инсонпарварлик кўмаги ўтказишга рухсат беришни талаб қилди.

“Биз Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиётни кенгайтириш режасига қатъий равишда қаршимиз. Ғазодаги инсоний уқубатлар даражаси тоқат қилиб бўлмас ҳолга чиқди. Исроил куни кеча Ғазога минимал миқдорда озиқ-овқат киришига рухсат бериши ҳақида баёнот берди, бу мутлақо етарли эмас. Биз Исроил ҳукуматини Ғазо секторида ҳарбий амалиётни тўхтатиш ва инсонпарварлик кўмаги олиб киришга зудлик билан рухсат беришга чақирамиз”, – дейилади қўшма баёнотда.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Ғазо секторидаги гуманитар инқироз “чидаб бўлмас даражага етгани”ни таъкидлади.

Фаластин томони тарқатган маълумотларга қараганда, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода 56647 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Жумладан, сўнгги сутка мобайнида Исроил ҳужумлари оқибатида 116 киши бевақт ҳаётдан кўз юмган.

Исроилнинг “Haaretz” газетаси яқинда эълон қилган мақолада эса ҳарбий ҳаракатлар оқибатида қарийб 100 минг нафар (Ғазо сектори аҳолисининг 4 фоизи) фаластинлик ҳалок бўлгани қайд этилган.

Буюк Британияда жойлашган “Save the Children” ташкилоти ҳисоб-китобига кўра,  урушнинг 9 ойи мобайнида даҳшатли қирғин оқибатида 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг