Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил аскарлари масжидда номаъқулчилик қилди

Исроил аскарлари масжидда номаъқулчилик қилди

Исроил аскарлари томонидан Фаластиннинг Женин шаҳридаги масжидда амалга оширилган номаъқул ва таҳқиромуз хатти-ҳаракат халқаро ҳамжамият томонидан қораланмоқда.

Ҳодиса бир неча кун аввал Исроил аскарлари ишғол остидаги Ғарбий соҳилда уюштирган рейд пайти рўй берган.

Буюк Британиянинг «The Guardian» нашри чоп этган видеолавҳада Женин шаҳридаги масжидлардан бирига бостириб кирган Исроил аскарлари азон айтиш ва намоз ўқишга мўлжалланган овоз кучайтиргич орқали яҳудий диний қўшиқларини куйлаётганини кўриш мумкин.

Аскарлардан бири имом хутба ўқийдиган минбарга чиқиб олган, қолганлари эса жойнамозларни оёқ кийими билан босганча масжидга нисбатан ҳурматсизлик қилган. Аскарлар мусулмонлар масжидида яҳудий дини ибодати адо этилишини ўз қўли билан видеога олган.

Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроил аскарларининг ушбу хатти-ҳаракатини «исломий муқаддасотлар устидан кулиш» дея кескин танқид қилган.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг расмий вакили бу каби ҳаракатлар минтақада диний урушга олиб келишидан огоҳлантирган. Унга кўра, «Исроил ёқишга уринаётган диний уруш алангаси минтақа билан чекланмай, бутун дунёга тарқалиши мумкин».

Маҳмуд Аббоснинг расмий вакили халқаро ҳамжамиятни Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқлари ва диний қадриятларини топтаётган Исроилга босим ўтказишга чақирган.

Мусулмон давлатлари, жумладан, Туркия Исроил ҳарбийларининг ислом динига нисбатан ҳурматсизлигини кескин танқид қилган.

Тель-Авивнинг яқин иттифоқчиси саналган Вашингтон ҳам ушбу ҳаракатни қоралаган. Хусусан, АҚШ давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэттью Миллер ҳодисани «хавотирли» деб баҳолаган.

Исроил армияси вакиллари ўз аскарларининг масжидда яҳудий қўшиқларини куйлаганини танқид қилган ва бу ҳолат армия низомига зид эканини билдирган. Мудофаа расмийларига кўра, ушбу ҳаракатни содир этган аскарларга нисбатан интизомий чора кўрилади.

Айни чоқда, Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир масжидда номаъқулчилик қилган аскарларни ёқлаб, уларга интизомий чора кўрилишини билдирган мудофаа вазирлиги вакилларини танқид қилган. Вазир масжидда яҳудийча дуо ва ибодат қилган аскарларни қаҳрамон деб атаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг