Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил осмонида ва Ғазо секторида яна портлашлар

Исроил осмонида ва Ғазо секторида яна портлашлар

Исроил армияси шанба куни эрталаб Ғазо сектори ҳудудига янги зарбалар берди.

Euronews нашри ушбу амалиёт «Исломий жиҳод» террорчилик гуруҳига қарши операция доирасида бўлганини ёзмоқда. Нашрнинг Исроил армияси қўмондонлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, камида 15 жангари, жумладан, террорчи гуруҳ етакчиларидан бири ўлдирилган.

«Ислом жиҳоди» гуруҳи ўз раҳбарларидан бири –Тайсир ал-Жабарнинг ҳарбий амалиёт вақтида ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Иорданиянинг Ғарбий соҳили ва Ғазо секторидаги ҳарбий амалиёт жума куни бошланган эди. Исроил ҳукуматининг айтишича, бу гуруҳ етакчиларидан бири ҳибсга олиниши ортидан террорчиларнинг қилган таҳдидларига жавобдир. Амалиёт бошлангандан бери, ҳарбий ҳисоб-китобларга кўра, Исроил шаҳарлари томон 80 га яқин ракета учирилган.

Фаластин маъмурияти маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари натижасида 10 киши, жумладан, 5 ёшли қизча ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар яраланган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси минтақадаги вазият кескинлашганидан хавотир билдирди. Ташкилот вазият назоратдан чиқиб кетиши ва бу тинч аҳоли учун даҳшатли оқибатларга олиб келишидан хавотирда. Қўмита можаро тарафларини гуманитар қонунларга риоя қилишга чақирди.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг