Исроил вазири Аҳмад аш-Шаръани ўлдиришни талаб қилди

Исроил давлатининг диаспора масалалари бўйича вазири Амихай Чикли Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръани ўлдиришга чақирди. Бу ҳақда Исроил матбуоти хабар берди.
Яҳудий давлати мулозими Сурия етакчисини ҲАМАС билан алоқадорликда айблаган ва уни “террорчи” деб атаган.
“Агар у ҲАМАСга ўхшаса, ҲАМАС каби гапирса, ҲАМАС каби ҳаракат қилса, демак, у ҲАМАСнинг ўзидир. Аҳмад аш-Шаръани қонуний етакчи деб ҳисоблаётганлар қаттиқ адашади. У зудлик билан ўлдирилиши керак”, – деган Амихай Чикли.
Аҳмад аш-Шаръа “Туркиянинг одами” эканини қайд этган Исроил вазири у айни пайтда кучсиз эканидан фойдаланиб йўқ қилиш лозимлигини талаб қилган.
Исроил диаспора масалалари бўйича вазири Амихай Чиклининг ушбу баёноти Сурия жанубидаги Ас-Сувайда музофотида дарзий қабилаларининг ҳукуматга қуролли қаршилиги бошланган кунларда янграмоқда. Исроил яна бир карра Суриянинг ички ишларига аралашиб, “дарзийларни ҳимоя қилиш” баҳонаси билан Сурия армияси бўлинмаларига авиазарбалар берган.
Маълумот ўрнида: “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи 2024 йил 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан кейин гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа Суриянинг амалдаги раҳбарига айланди.
Жорий йил 14 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан қисқа муддатли учрашув ўтказди. Бу Сурия раҳбарининг халқаро майдонда тан олиниши ўлароқ қабул қилинди.
Икки ҳафта муқаддам президент Трамп АҚШнинг Сурияга қарши 2004 йилдан бери амалда бўлган иқтисодий санкцияларини бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Оқ уй бу қарорни “барқарорлик ва тинчлик сари қадам” деб атаган.
Дамашқда ҳокимият алишгач, Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурияга ҳудудига кирди. Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилди ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрди.
Исроил сўнгги ойларда Сурия бўйлаб ўнлаб авиазарбалар берди.
Таҳлилчилар Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.
Сурия томони Исроил армиясининг авиазарба ва ҳужумларига жавоб қайтармаётир.
Дамашқ Тель-Авив билан хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш билан боғлиқ масалаларда махфий музокаралар ўтказгани маълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter