Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Июл ойида бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Июл ойида бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Фото: Xabar.uz

Республика гидрометеорология хизмати келаётган июл ойида об-ҳаво қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Ушбу йилда, сўнгги йилларда тез-тез қайд этилганидек, июл ойи ўртача йиллик қийматлардан 1-2 даражага илиқроқ бўлиши кутилмоқда.

Июл ойи ҳаво ҳарорати кўтарилиши билан бошланади. 2 июл куни республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 3-5 июл кунлари ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда 44-46 даражагача кўтарилади.

5 июл куни республиканинг ғарбий ярми бўйича, 5 июлда барча ҳудудлар бўйича ҳарорат 4-6 даражага пасаяди. Бироқ, июл ойида салқин ҳавони кутмаслик керак.

Ой охиригача ҳарорат асосан 36-39 даража, айрим энг иссиқ кунларда эса 40-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-43 даражагача бўлиши кутилмоқда.

Июл ойида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам.

Июл ёз фаслининг ўртаси бўлиб, Ўзбекистонда энг юқори ҳаво ҳарорати айнан шу ойда кузатилади.

Июл ойининг ўртача максимал ҳарорати (ёки иқлим меъёри) республика ҳудудининг катта қисмида 35-37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда 38-40 даражани ташкил этади.

Аммо деярли ҳар йили июл ойида ҳаво ҳарорати 40-42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 43-45 даражагача, энг иссиқ йилларда эса ундан ҳам юқори бўладиган жуда иссиқ даврлар кузатилади.

Ҳаво ҳарорати 40 даража ва ундан юқори бўлган ўртача кунлар сони республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларда 1-3 кун, шимолий ва жануби-ғарбий ҳудудларда 3-7 кун, чўл ҳудудларда ва жанубда 10-15 кунни ташкил этади.

Сўнгги йилларда бундай иссиқ кунлар сонининг кўпайиш тенденцияси кузатилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг