Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамоат эшитуви: АЭС хавфсизлиги ҳақида очиқ мулоқот

Жамоат эшитуви: АЭС хавфсизлиги ҳақида очиқ мулоқот

foto: Xabar.uz

Ўзбекистонда АЭС, яъни атом электр станцияси қурилиши бўйича жуда кўп тортишувларга дуч келамиз. Бу табиий ҳол. АЭС ўзи нима, унинг бутун дунёда ўрни қандай, бу ҳақда чуқур ўрганиб қизиқиб кўрмагунча бевосита ҳар қандай одам шубҳа-гумонга бориши табиий. Хўш, АЭС қурилиши мўлжалланаётган Жиззах вилояти, Фориш тумани аҳолиси бугун ўз саволларига қандай жавоб олмоқда?

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, AЭС қурилиши Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида 2018 йилда имзоланган ҳукуматлараро келишув асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа республиканинг яқин ўн йилликларга мўлжалланган энергетика стратегиясининг асосий элементи сифатида қаралмоқда ва ички талаб ортиб бораётган шароитда барқарор энергия таъминотини таъминлаши кутилмоқда. Жорий йил сентябрь ойи охирида Ўзбекистон ва Россия Жиззахдаги бўлғуси атом станцияси конфигурациясини белгилайдиган ҳужжатларни имзолаганди. Октябрь ойида эса заводнинг биринчи босқичи учун чуқур қазилган жойда қазиш ишлари бошланди. Ушбу воқеа тайёргарлик босқичидан ҳақиқий қурилишга ўтишни белгилаб берди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, лойиҳанинг ташқи хавф-хатарларга чидамлилиги нафақат Россия ядро секторининг техник автономлиги, балки уни муваффақиятли амалга оширишга интилаётган ҳар икки давлатнинг сиёсий иродаси билан ҳам белгиланади. Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, атом электр станцияси 2040 йилга бориб табиий газ импортига боғлиқликни ва мамлакат энергетика секторидаги углерод изларини 30 фоизга камайтиради.

Жамоатчилик эшитувлари нима?
2025 йил 23 декабрь куни Жиззах вилояти, Фориш тумани, Боғдон аҳоли маскани 30-сонли маданият марказида Ўзбекистон Республикасида биринчи атом электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (AМТБ) материаллари бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил қилингани ҳам бежиз эмас.
Келинг, жамоатчилик эшитувига етиб боргунимизга қадар АЭС ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлишга уриниб кўрамиз.

Атом электр станцияси оддий иссиқлик электр станцияси бўлиб, фақат ёқилғиси билан ажралиб туради, унинг ёрдамида электр энергияси олиш учун иссиқлик ишлаб чиқарилади. Агар ИЭСда иссиқлик кўмир, газ ёки нефтни ёқиш орқали ҳосил қилинса, АЭСда иссиқлик атомларнинг бўлиниши натижасида ҳосил бўлади. Мутахассисларнинг батафсил тушунтиришларига кўра, иссиқлик сувни иситади, сув буғга айланади, буғ турбиналарни айлантиради, турбиналар эса генераторларни ҳаракатга келтириб, уйлар, фабриклаар, заводлар ва шаҳарлар учун электр энергияси ишлаб чиқаради.

Унда нима учун одамларда радиациядан нурланиш, умуман АЭСдан қўрқув бор?
Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқовнинг таъкидлашича, атом энергетикасида мутлақ хавфсизлик деган тушунча мавжуд эмас, аммо замонавий технологиялар хавфларни статистик жиҳатдан аҳамиятсиз даражага — 1 фоиздан кам ҳолатга туширади. Янги авлод реакторлари фаол ва пассив ҳимоя тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, улар ташқи таъсирлар ёки электр таъминоти тўлиқ узилганда ҳам инсон аралашувисиз автоматик тарзда хавфсиз ҳолатга ўтади.

Суратлар "Ўзатом" архивидан олинди

Олим жаҳон тажрибасига таяниб, атом энергетикаси тарихида ишга туширилган юзлаб реакторлар фонида йирик авариялар сони жуда кам эканини қайд этди. Ўзбекистонда эса ядро физикаси институтидаги илмий реактор 1959 йилдан буён аварияларсиз ишлаб келаётгани миллий тажрибанинг ишончлилигини кўрсатади. 2011 йилдаги Фукусима фожиаси ҳам реактор технологияси эмас, балки фавқулодда табиий офатлар оқибати экани, айнан шу сабабли ҳозирги лойиҳаларда автоном совутиш ва “ядро тутқичи” каби қўшимча хавфсизлик ечимлари мажбурий қилинганини таъкидлади.
Дарвоқе, мутахассиснинг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Ҳали технологиялар ривожланмаган йилларда содир бўлган ҳалокат ва ҳозирда ёқилаётган кўмир, газ, нефт орқали чиқаётган заҳарли тутундан экологиянинг қанчалик зарар кўраётгани, одамлар вафот этаётганини ҳисобга олсак АЭС ИЭСга қараганда хавфсиз электр манбаи ҳисобланишини тушунамиз.

Умуман дунёда атом энергетикасининг аҳволи қандай?
2025 йил октябрь ҳолатига кўра, дунёда 417 та ядровий энергия блоки ишлатилмоқда, 62 таси эса қурилмоқда. Атом генерациясининг ўрнатилган қуввати бўйича етакчи ўринларни АҚШ (тахминан 97 ГВт) ва Франция (63 ГВт) эгаллайди. Қурилиш давом этаётган энг кўп ядро реакторлари Осиё мамлакатлари, биринчи навбатда Хитой (28 та реактор), Ҳиндистон (6 та реактор) ва Россия (5 та реактор) ҳиссасига тўғри келади.

Хўш, атрофимизни қандай радиация манбалари ўраб турибди?
АЭСнинг радиация сўзи билан боғлиқлиги одамларда қўрқув уйғотиши бор гап. Аммо АЭСлар сайёрамиздаги энг хавфсиз объектлардан бири ҳисобланади. Агар биз атрофимиздаги барча жисмларда — ичадиган сувимизда, нафас оладиган ҳавомизда ҳам табиий радиоактив изотоплар мавжудлигини, инсоннинг ўртача йиллик нурланиш дозасининг 70 фоиздан ортиғи табиий рудионуклидлар ва космик нурланишнинг ҳиссасига тўғри келишини билганимизда эди. Масалан, Ер қобиғидан ажралиб чиқадиган радиоактив газ радоннинг ҳиссаси тахминан 50 фоизи ташкил қилишини аллақачон олимлар исботлаган.

Келинг, радиацияни рақамлар орқали тушунишга ҳаракат қиламиз. Масалан, Россия ва дунёнинг аксарият мамлакатлари атом электр станцияларининг кузатиш зонасида станциядан 30 км радиусда табиий радиация фони одатда 0,10-0,15 мк3в /соат атрофида бўлади. Агар йил бўйи соатлар сонига кўпайтирилса, бир йилда тахминан 1 миллизиверт ҳосил бўлади. Бу ўлчамнинг катта ёки кичиклигини билиш учун, Ер аҳолисининг бир йилда қабул қиладиган самарали дозаси ўртача қиймати 2,4 м3вга тенглигини англашимиз кифоя.
Яъни қисқа қилиб айтганда, Ер шарининг кўп жойларида табиий радиация эътибор беринг, табиий, ҳеч қанақа АЭСсиз радиация фони анча юқори бўлиб, унинг дозасига йилига ўнлаб ва ҳатто юзлаб миллизивертга етади. Одамлар бу жойларда асрлар давомида яшаб келишади, лекин шу билан бирга, бундай юқори фоннинг ушбу ҳудудларда аҳоли саломатлигига салбий таъсири аниқланмаган.

Одамларда савол туғилмоқда: реактор атом бомбаси сингари портлаши мумкинми?
Йўқ, мумкин эмас, дейди яна мутахассислар. Жамоатчилик эшитувлари учун савол-жавоблар ахборот бюллетенида аниқ ва лўнда хабар берилишича,

реактор бошқариладиган, ўз-ўзини қўллаб-қувватлайдиган занжирли ядровий бўлиниш реакцияси сақланиши мумкин бўлган қурилма. Яна ҳам соддароқ айтсак, реакторда ёқилғи кам бойитилган, (3-5 фоиз) актив зонада эса ҳар доим нейтронларни ютадиган ростловчи стерженлар бўлади. Занжир реакция назорат остида бўлиб, ураннинг бўлинишида энергия аста-секин ажралиб чиқади ва иссиқлик ташувчи томонидан узлуксиз равишда олиб ташланади.

Герметик ҳимоя қобиғи қандай тузилган, агар зилзила бўлсачи ёки қаттиқ қуюнли шамол?
Бу саволларга жавоб топиш учун қанчадан-қанча тадқиқотлар олиб борилмаган, дейсиз. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, АЭС ҳудудида хавфли замонавий геологик жараёнлар мавжуд эмас ва ушбу ҳудуднинг сейсмик хавфсизлиги тўлиқ исботланган ва илмий асосланган. Герметик ҳимоя қобиғининг дизайни нафақат реактордаги энг оғир авария пайтида бўлиниш маҳсулотларини унинг ичида ушлаб туриш, балки барча мумкин бўлган ташқи таъсирларга бардош бериш имконини беради — 9 баллгача бўлган зилзилалар, қуюнлар, бўронлар, чанг бўронлари, ҳаво зарба тўлқинлари (масалан портлашлар пайтида) самолётнинг қулаши...

Аҳолини анчадан бери қизиқтириб келаётган яна бир савол бу: ишлатилган ядро ёғилғиси ва радиоактив чиқиндилар нима бўлади, экологияни заҳарламайдими?
Улар ҳимояланган омборларда вақтинча сақланади, олиб чиқиб кетилгач изоляция қилинади. АЭС жойлашган ҳудудда радиация назорати Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва талабларига мувофиқ амалга оширилади ва ер усти ҳаво қатламлари, атмосфера ёғинлари, жойдаги интеграл йиллик доза, ер усти сув ҳавзалари, маҳаллий ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари, тупроқнинг юза қатлами, дала ўсимликлари, туб чўкиндилари ва сув ўтлари мониторингини ўз ичига олади...
Демак, АЭС қурилиши биз ўйлагандек бир тадбиркор истаган жойига иссиқхона ёки цех, завод-фабрика қуриш эмас, пухта ўрганилган ва масъулият билан амалга оширилаётган лойиҳа экан. Шу ўринда табиийки, юртимизда АЭС қурилиши учун мутахассиларга эҳтиёж ортади.

Мутахассилар қаерда ўқитилади?
2019 йилда Тошкентда Россия федерациясининг етакчи олий таълим муассассаси ММФИ миллий тадқиқот ядро университетининг биринчи хорижий филиали очилди, у атом саноати эҳтиёжлари учун мутахассислар тайёрлайди. Филиал битирувчилари Россия атом электр станцияларида махсус ўқиш ва амалиётдан сўнг Ўзбекистондаги атом электр станцияларида ишлайди.
Жамоатчилик эшитуви ўтказилиши асносида 300 га яқин Фориш ва қўшни туманлар аҳолиси қатнашди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар, таклифлар киритдилар — матбуот хизмати маълумотларига кўра, жами аҳоли томонидан 60 дан ортиқ саволлар келиб тушди. Радиациявий хавфсизлик кафолатлари, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига таъсири, янги иш ўринларини яратиш, туманнинг ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли учун компенсация чоралари диққат марказида бўлди. Тадбирда аҳолидан энг кўп тушган савол ишчи ўринлари билан боғлиқ саволлар бўлди. Албатта ушбу ҳудудда шаҳарча қурилишини эътиборга олсак минглаб иш ўринлари пайдо бўлади. Ва ҳар қандай мутахассисдан тортиб оддий ишчигача эҳтиёж ортади.
Уларни қизиқтирган саволларга илмий ҳамжамият, экологик ташкилотлар вакиллари, ядро энергетикаси соҳасидаги мутахассислар ва хорижий экспертлар баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилишди.
Очиқ ва конструктив муҳокама давомида “Ўзатом” агентлиги директори Aзим Aхмедхаджаев Ўзбекистоннинг энергетика мустақиллиги, кам углеродли иқтисодиётга ўтиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш учун ишончли асос бўлишини таъкидлади: “Бугунги эшитувлар очиқ ва самимий мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлди. Биз бу ерда иштирок этаётган, бефарқ бўлмаган ва ўз фикрини билдирган ҳар бир иштирокчига самимий миннатдорлик билдирамиз. Барча таклифларингиз синчковлик билан ўрганилади ва ҳисобга олинади. Биз AЭСларни шунчаки электр энергияси ишлаб чиқариш учун қурмаяпмиз — биз фарзандларимиз учун хавфсиз, барқарор ва фаровон келажак қурмоқдамиз”.

 

Лойиҳа неча босқичдан иборат?
Лойиҳа уч босқичга бўлинган. Биринчи босқичда ҳар бири 55 МВт қувватга эга РИТМ-200Н интеграл реакторлари асосидаги кичик атом электр станцияси ишга туширилади. Ушбу реакторлар юқори хавфсизлиги шундаки барча асосий компонентлар — ядро, буғ генераторлари ва насослар битта қурилмаган жойлашган бўлиб, совутиш суви оқиш хавфини камайтиради ва ташқи қувват тўлиқ йўқолганда ҳам реактор автоматик равишда хавфсиз ҳолатга киришига имкон беради.
Реакторлар 60 йиллик хизмат муддатига мўлжалланган бўлиб, МAГAТЭ талабларига жавоб берадиган паст бойитилган уран билан қувватланади.
Иккинчи ва учинчи босқичларда ҳар бири 1000 МВт қувватга эга ВВЭР-1000 реакторли энергия блокларини қуриш режалаштирилган. Ушбу блоклар пассив ва фаол хавфсизлик тизимларининг кенг қамровли тўплами билан жиҳозланган бўлиб, жумладан, ядро ушлагичи, пассив қолдиқ иссиқликни олиб ташлаш тизими ва фавқулодда ўчирилгандан кейин 72 соат давомида автоном ишлаш қобилияти билан аҳамиятга эга.

Айтмоқчи, энергоблокларни 2029-2035 йиллар оралиғида ишга тушириш  режалаштирилмоқда. Хулоса қилиб айтганда атом энергетикаси лойиҳаси ҳудуд учун фақат янги электр қуввати манбаи эмас, балки инфратузилма, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда узоқ муддатли ўзгаришларга туртки бериши мумкин. Лойиҳанинг босқичма-босқич амалга оширилиши, замонавий хавфсизлик технологияларининг жорий этилиши ва очиқ мулоқот муҳити уни минтақанинг барқарор ривожланишида муҳим омилга айлантириши кутилмоқда.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг