Жанубий Америкага аномал совуқ ҳаво ҳукмини ўтказмоқда

Le Monde ёзишича, Ғарбий Европанинг аксарият қисмларида аномал жазирама ҳукм сураётган бир паллада Жанубий Америка, хусусан, Аргентина, Чили ва Уругвайга йилнинг бу пайти учун ноодатий совуқ ҳаво кириб келди.
«Рекорд даражада совуқ ҳаво камида 15 кишининг ўлимига сабаб бўлди», — деб ёзди нашр.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 30 июнида, қутб минтақаларини ҳисобга олмаганда, Чили ва Аргентина сайёрамизнинг энг совуқ жойлари қаторига кирди.
Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда 2 июлда симоб устуни -1,9° гача тушиб, 1991 йилдан буён энг совуқ кунга айланди. Соҳилбўйи шаҳри Мирамарда 34 йилда биринчи марта қор ёғди.
Чилининг Чилян шаҳрида ҳаво ҳарорати -9,3° даражагача тушиб кетди. Ҳатто Ердаги энг қуруқ жой — Атакама чўлига қор ёғди. Уругвай пойтахти Монтевидеода эса 30 июнда ҳаво ҳарорати -5,8° гача пасайди, бундай совуқ 1967 йилдан буён кузатилмаган.
Совуқ ҳавонинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатлари оғир бўлишидан хавотирлар пайдо бўлди. Фермерларнинг экинларини совуқ ургани ҳақида хабарлар тарқалди, қолаверса, қатор ҳудудларда транспорт ва мактаблар фаолияти издан чиққан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter