Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жондор туманида туризмни ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди

Жондор туманида туризмни ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди

Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев 28 июнь куни Бухоро вилояти Жондор туманида маҳаллий аҳоли ва туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашди.

Учрашув давомида ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги туристик маршрутлар яратиш ҳамда маҳаллий аҳолининг бу соҳадаги иштирокини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ва таклифлар билан ўртоқлашди.

Туризм қўмитаси раиси ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб, Жондор туманида туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди. Шунингдек, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, инвесторлар учун қулай муҳит яратиш бўйича аниқ таклифлар берилди.

Ташриф давомида Туризм қўмитаси раиси Жондор туманидаги «Ушот» МФЙ, Ушот қишлоғини «туризм қишлоғи»га айлантириш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бундан ташқари, туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда туманнинг «Варахша» археологик ёдгорлиги, Қизбиби зиёратгоҳи, «Зарафшон» соҳилбўйи дам олиш маскани ва «Ушот туризм қишлоғи»ни ўз ичига олган «туристик ҳалқа» ва 1-2 кунлик туристик дастур ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Шунингдек, қишлоқдаги ҳунармандчилик маркази фаолиятини кенгайтириш ва сайёҳлик маршрутига мослаштириш, оилавий меҳмон уйи ташкил қилиш истагида бўлган маҳаллий аҳолига зарур тавсиялар берилди. Жондор тумани маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Учрашув якунида тадбиркорлар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Туризм қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланадиган дастурлар, грантлар ва таълим имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Бу учрашув Жондор туманида туризмни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, деб таъкидланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг