Жонли эфирда урушни тўхтатишни талаб қилгани ортидан қамалган Овсянникова сўроқ тафсилотларини очиқлади

Останкино суди М.Овсянниковага жарима жазоси тайинлади.
Россиянинг «Биринчи канал»и муҳаррири Марина Овсянникова тўғридан-тўғри эфир вақтида Украинадаги урушни тўхтатишни талаб қилиб плакат кўтариб чиққач, кўз очиб юмгунча дунёга машҳур бўлиб кетди. Ушбу хатти-ҳаракати ортидан қамоққа олинган ва маъмурий иш доирасида жаримага тортилган журналист «Новая газета» нашрига берган интервьюсида ҳуқуқ-тартибот идоралари унга нисбатан олиб борган сўроқ тафсилотларини очиқлади.
Маълум бўлишича, Россия ҳуқуқ идоралари Марина Овсянникова Ғарб мамлакатлари махсус хизмати билан ҳамкорлик қилади деган гумонга борган.
«Улар мендан қайси махсус хизмат билан алоқадор эканим ҳақида сўрай кетишди. Ҳуқуқ идоралари берган илк савол шу бўлди. Ҳеч ким охирги лаҳзагача «Биринчи канал»нинг оддий ходими эканим, на MI-6, на Федерал тергов бюроси, на «Моссад» – бирор бир махсус хизматга алоқам йўқлигига ишонмади», – дейди Овсянникова.
Журналист шунчаки фуқаролик позицияси ва эътиқодига кўра урушга қарши чиққанини қайта-қайта айтганига қарамай, ҳуқуқ идоралари конспирологик фаразларни илгари сурган.
Узоқ йил Россия давлат телеканалида фаолият юритган журналист «бошини кундага қўйиб», жонли эфирда урушга қарши чиққани халқаро жамоатчилик эътиборини тортди, дунёнинг етакчи газеталари биринчи саҳифасида унинг суратлари босилди. М.Овсянникова ҳатто жасоратда франциялик қаҳрамон Жанна д’Аркка менгзалди. Бунга муносабат билдирган журналист ўзини қаҳрамон санамаслигини айтган.
«Йўғ-е, мен ўзимни қаҳрамон деб билмайман. Албатта, бу жасоратли қадам бўлиши мумкин. Аслида, мен ўзимни кўпроқ чарчаган ва ҳолдан тойган одам деб биламан. Ўғлим таъбирича, мен оиламиз ҳаётини издан чиқарган инсонман. Лекин мен унга гоҳида ҳаётимиз тўғри ўзанга тушиши учун қалтис ҳаракатлар ҳам қилишга тўғри келишини тушунтирдим», – дейди эндиликда «Биринчи канал»нинг собиқ муҳаррири.
Овсянникова суҳбат асносида Франция президенти Эммануэль Макроннинг сиёсий бошпана бериш ҳақидаги таклифини рад этгани, аммо фарзандлари ҳаётидан хавотирда эканини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Марина Овсянникова 14 март куни «Время» дастурининг жонли эфирида Украинада кечаётган урушга қарши баёнот берди. У бошловчи Екатерина Андреева ортида кадрда пайдо бўлиб, «Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши» деб ёзувни кўтариб чиқди.
Овсянниковани қонунга хилоф равишда оммавий норозилик акцияси ўтказганликда айбдор деб топган Останкино туман суди унга 30 минг рубль миқдорида жарима тайинлади.
Шунингдек, унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг мамлакат ҳарбийлари ҳақида «оммавий равишда ёлғон ахборот тарқатиш» моддаси бўйича текширув давом этаётгани айтилмоқда.
Жаҳон миқёсида акс садо берган бу воқеага Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам муносабат билдириб, ҳодисани «безорилик» деб атади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter