Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖССТ раҳбари: 2022 йилда коронавирусни енгамиз, аммо бунинг бир шарти бор...

ЖССТ раҳбари: 2022 йилда коронавирусни енгамиз, аммо бунинг бир шарти бор...

Фото: Reuters

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус янги йил муносабати билан қилган мурожаатида умидбахш мужда йўллади: инсоният 2022 йилда коронавирус пандемиясига хотима ясаши мумкин, аммо бунинг учун вакцина тақсимотидаги адолатсизлик ва тенгсизликка барҳам бериш талаб этилади.

ЖССТ раҳбарига кўра, коронавируснинг хавфли «омикрон» штамми вужудга келишига айрим мамлакатларнинг ҳаддан зиёд кўп миқдордаги вакциналарни ғамлаб олгани ва бошқалар билан баҳам кўрмагани сабаб бўлди. Бу ҳолат «вакцина миллатчилиги» деб аталган.

Дарҳақиқат, дунёнинг бой мамлакатлари ўз фуқароларини қўшимча равишда учинчи доза билан эмлаётган бир пайтда аксар ўлкаларда аҳоли ҳали биринчи дозадан ҳам бебаҳра қолмоқда.

«Адолат тамойили қанча кўп бузилса, ушбу вируснинг янги турлари тарқалиши хавфи ҳам шунча ортади. Пировардида биз офат қаршисида буткул ожиз қолишимиз мумкин», – деб огоҳлантиради  Т.А.Гебрейесус.

Хавотир ва ҳадиклар остида кечган сўнгги уч йилда ковидга қарши кўплаб воситалар синовдан ўтказилди. Сайёрамиз бўйлаб 8,5 миллиард доза вакцина истифода этилди. Аммо вакцина тақсимоти кўрсаткичига назар солинса, табақалашув ва тенгсизлик кучли эканини кўриш мумкин.

ЖССТ раҳбарига кўра, пандемияга барҳам бериш учун 2022 йил ўрталарига қадар Ер сайёрасининг 70 фоиз аҳолиси эмланмоғи лозим. Айни чоқда, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофага риоя этиш, оммавий равишда тест ўтказиш каби чора-тадбирларни ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Вакциналарни адолатли тақсимлаш масаласи жаҳоннинг йирик давлатлари эътиборидаги масала бўлиб қолмоқда. Бу борада ЖССТ шафелигида COVAX (COVID-19 вакцинасидан дунё миқёсида тенг фойдаланишга қаратилган халқаро ташаббус) дастури амалга татбиқ этилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ 100 га яқин кам даромадли мамлакатларга Pfizer вакцинасининг 500 миллион дозасини етказиб бериш режасини эълон қилди.

Германия эса ривожланаётган мамлакатларга 100 миллион дозадан зиёд эмдориларни етказиб берди. Дунёдаги тартиботларни остин-устун қилган ковид вабосига қарши курашда вакцина тарқатиш ва молиявий кўмакнинг ўзи етарли эмас. Шу боис Германия бошқа бир жиддий чорага қўл урди: айни пайтда Африкада вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида тадбирлар кўрилмоқда.

Умуман, илғор фикрли ва инсонпарварлик тамойилидан йироқлашмаган сиёсатдонлар дунё давлатларини «вакцина миллатчилиги»дан воз кечиб, бағрикенглик ва саховат йўлини тутишга даъват этмоқда.

Кейинги пайтларда коронавируснинг «омикрон» штаммига чалинганлар сони ошиб бормоқда. Шу сабаб сайёрамиз бўйлаб янги йил байрами тантаналари ҳам чекланган шарт-шароитда ўтказилди.

2 январь ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 289 миллиондан зиёд COVID-19 хасталиги рўйхатга олинган. Ушбу офатдан ўлим топганлар сони 5 млн  457 мингдан ошган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг