Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кам ўйинчоқлар болаларни кўпроқ бахтли қилади

Кам ўйинчоқлар болаларни кўпроқ бахтли қилади

Ўйинчоқ саноати бизга болаларимиз бахтли бўлишлари учун ўйинчоқлар кераклиги ҳақидаги ҳикояни «сотади». Биз ота-оналар эса фарзандларимизнинг ўйинчоқларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун янги ўйинчоқлар сотиб олаверамиз, сотиб олаверамиз. Чунки биз кўпроқ ўйинчоқлар кўпроқ қувонч келтиради деб, ўйлаймиз. Бу назариянинг ҳақиқатлигини исботлаш учун сон-саноқсиз маблағ сарфлаётганингиз аниқ. Америка статистикаси бўйича 2020 йилда ўйинчоқ саноати глобал савдодан 95 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган.

Бу рақамлар, албатта, ўйинчоқ саноати учун жуда кўп бахт келтиради. Аммо болаларимиз ҳақида нима дейиш мумкин?

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики,4та ўйинчоғи бор бола 16 та ўйинчоғи бор болага қараганда ижодкорроқ бўларкан.

Камроқ ўйинчоқлар – камроқ чалғитадиган нарсалардир, дейди «Бахтли ота-оналикнинг оддий сири» китоби муаллифи америкалик олима Деная Бараҳона. Келинг, унинг ҳикоясини эшитамиз: «Мен она бўлганимда, чақалоғимга ҳамма нарсани беришга тайёр эдим. Барча ўйинчоқлар, барча муҳаббат унинг учун эди. «Кўпроқ – яхшироқ» шиори мен учун янгилик эмас эди. Мен оналикка умр бўйи бетартиблик тарихи билан кирганман – ҳам жисмоний, ҳам руҳий тартибсизлик. Аммо биринчи фарзандимни дунёга келтирганимда «Бола ривожланиши» бўйича докторлик диссертациясини тугатаётган эдим.

Мени ҳайратга солган нарса, тадқиқотда кўп ўйинчоқлар сотиб олиш ҳақиқатан ҳам болаларимиз учун фойдали деган фикрни тасдиқловчи ҳеч нарса йўқ эди. Дарҳақиқат, камроқ ўйинчоқлар бизнинг болаларимизга сиз тасаввур қилганингиздан ҳам кўпроқ фойда келтиради. Сўнгги ўн йил ичида мен минглаб оилаларни камроқ ўйинчоқлар фойдали эканлигига ишонадиганларга айлантирдим:

Фарзандларимизга янги ўйинчоқлар учун «йўқ» десак биз ёмон ота-она эмасмиз. Биз болаларимизга уйимизга кирган нарса охир-оқибат уйимизни тарк этиши кераклигини ўргатамиз. Ва биласизми, кўпчилик пластик ўйинчоқлар 500 йилгача ер юзидан йўқолмайди, бу эса табиатга зарар.

Тезда қизиқишини йўқотадиган нарсаларга йўқ дейлик. Биз оила аъзоларимиз билан гаплашишимиз, оддийлик уларга ўргатаётган асосий оилавий қадрият эканлигини ва биз уларнинг ёрдамига муҳтож эканлигимизни айтишимиз керак. Ота-она сифатида биз фарзандларимизга сингдираётган оилавий қадриятларни ҳимоя қилишимиз лозим. Чунки бир кун келиб, фарзандларимиз ҳам синовдан ўтади ва оилавий қадриятларни ҳимоя қилишлари керак. Ва бизнинг вазифамиз уларга буни қандай қилишни кўрсатишдир.

Фарзандларингиз сиз билан вақт ўтказишни яхши кўрадилар. Аммо мен болалар учун олиб бериладиган барча ажойиб совғалар чалғитиши мумкинлигидан хавотирдаман. Мен улар совғадан кўра кўпроқ сиз билан вақт ўтказишни кутишларини хоҳлайман.»

Америкалик ёзувчи Жошуа Беккер нима учун камроқ ўйинчоқлар фарзандларингизга фойда келтириши ҳақида ўз мақоласида шундай ёзади:

«Ўйинчоқлар шунчаки ўйинчоқ эмас. Ўйинчоқлар болаларимизга дунё ва ўзлари ҳақида ўргатади.

Ақлли ота-оналар камроқ ўйинчоқлар ва минималист ёндашувни қўллаш фарзандларига катта фойда  келтиришини тушунишади:

Болалар кўпроқ ижодий бўлишни ўрганадилар

Жуда кўп ўйинчоқлар болаларнинг тасаввурини тўлиқ ривожлантиришга тўсқинлик қилади. Соғлиқни сақлаш ходимлари Стрик ва Шуберт тажриба ўтказдилар. Унда улар болалар боғчасидаги ўйинчоқларни уч ой давомида олиб ташлашди. Экспериментнинг дастлабки босқичларида болаларда зерикиш пайдо бўлди. Лекин болалар тез орада ўйинлар ихтиро қилишни бошладилар.

Болалар эътиборини ривожлантирадилар

Боланинг ҳаётига жуда кўп ўйинчоқлар киритилса, уларнинг диққат-эътибори ёмонлаша бошлайди. Бола камдан-кам ҳолларда олдидаги ўйинчоқни тўлиқ қадрлашни ўрганади, ахир уларда сон-саноқсиз вариантлар мавжуд.

Болалар яхшироқ ижтимоий кўникмаларни ўрнатадилар

Камроқ ўйинчоқли болалар бошқа болалар ва катталар билан шахслараро муносабатларни ривожлантиришни ўрганадилар. Улар яхши суҳбатдош ва тингловчи бўлиш кўникмасини  оширадилар. Болаликдан яхши муносабатлар ўрнатган бола балоғат ёшида ҳам бахтли ҳаёт кечиради.

Болалар нарсаларга кўпроқ ғамхўрлик қилишни ўрганадилар

Агар болалар жуда кўп ўйинчоқларга эга бўлса, табиий равишда уларга камроқ ғамхўрлик қилишади. Ахир унинг севимли ўйинчоғига ўхшаш яна худди шунақасини олиб бергансиз.

Болаларда ўқиш, ёзиш ва санъатга бўлган муҳаббат кучаяди

Камроқ ўйинчоқлар болаларингизга китоб, мусиқа ва расм чизишни яхши кўришга имкон беради. Ва санъатга бўлган муҳаббат уларга ўз дунёсидаги гўзаллик, ҳиссиёт ва мулоқотни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Бу шунингдек, уларни  телевизор ва интернетдан узоқлаштиради.

Болалар топқирроқ бўлишади

Камроқ ўйинчоқлар болаларни қўлида бор ўйинчоқлари орқали муаммоларни ҳал қилишга ўргатади. Ва топқирлик чексиз имкониятларга эга совғадир.

Болалар бир-бири билан камроқ жанжаллашадилар

Бу зиддиятли туюлиши мумкин. Аксарият ота-оналар кўп ўйинчоқлар болалар ўртасида кам зиддият келтириб чиқаради деб ҳисоблашади. Бироқ, бунинг акси жуда тез-тез содир бўлади. Болалар ўйинчоқларларни талашадилар ва ҳар сафар уларга янги ўйинчоқ берганимизда ўзларининг «ҳудудини» ўрнатиш учун яна бир сабаб берамиз. Бошқа томондан, ўйинчоқлари камроқ бўлган ака-ука, опа-сингиллар баҳам кўришга, ҳамкорлик қилишга ва биргаликда «ишлашга» мажбур.

Болалар қатъиятлиликни ўрганадилар

Ўйинчоқлари жуда кўп бўлган болалар жуда тез таслим бўлишади. Агар уларга бирор ўйинчоқ ёқмаса ёки уни тушуна олмаса бошқа осонроқ ўйинчоқ туфайли тезда унисидан воз кечади. Ўйинчоқлари кам бўлган болалар қатъият, сабр-тоқатни ўрганадилар.

Болалар камроқ худбин бўладилар

Ўзлари хоҳлаган ҳамма нарсага эга бўлган болалар ўзлари хоҳлаган ҳамма нарсага ҳар доим эга бўлишларига ишонишади. Бундай муносабат тезда носоғлом (ва номақбул) турмуш тарзига олиб келади.

Болалар табиатни кўпроқ ҳис қилишади

Ўйинчоқлари кам бўлган болалар ташқарида ўйнашга кўпроқ мойил бўлиб, табиатни чуқур қадрлашади. Шунингдек, улар жисмоний машқлар билан шуғулланишлари эҳтимоли кўпроқ.

Болалар ўйинчоқ дўконисиз қониқиш топишни ўрганадилар

Ҳақиқий қувонч ва мамнунлик ҳеч қачон ўйинчоқ дўконида топилмайди. Ўз хоҳиш-истакларига жавобни пулга сотиб олиш мумкин, деб ўсган болалар ота-оналари каби ёлғонга ишонишади. Бунинг ўрнига, болалар чинакам давом этадиган нарсалардан қувонч топиб, маданиятли ҳаёт кечиришга интилишади.

Болалар тартибли уйда яшайдилар

Камроқ ўйинчоқлар уйни камроқ тўзғитади.

Мен ўйинчоққа қарши эмасман. Мен шунчаки бола тарафдориман. Шундай қилиб, бугун болангизга яхшилик қилинг ва ўйинчоқлар сонини чекланг.»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг