Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Канадалик профессор COVID-19 борасидаги таҳлилларини эълон қилди

Канадалик профессор COVID-19 борасидаги таҳлилларини эълон қилди

Торонто университети профессори Жошоу Ганс.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси билан деярли барча давлатлар курашга бел боғлаган. Хусусан, вирусга қарши вакцина яратиш устида кўплаб давлатлар бош қотиришмоқда. Улар орасида вируснинг биринчи ўчоғи бўлган Хитой, рекорд даражада зарарланаётган АҚШ ва коронавирусни жиловлашга уринаётган бир қатор Европа мамлакатлари бор.

Албатта, ушбу синовли кунлар ортда қолади. Лекин, кўпчиликни COVID-19дан кейинги келажак қизиқтираётгани ҳам турган гап. Бу борада эса, иқтисодчилар, сиёсатчилар ва бошқа соҳа вакиллари ўзларининг турли таҳлиллари ва қарашларини билдиришмоқда.

Жумладан, Торонто университети профессори Жошоу Ганс «Коронавирус даврида иқтисодиёт» номли китоб ёзди. Мазкур китобнинг саккизинчи «Келажак» бобини қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Жаҳон иқтисодиёти бир-бирига боғланган. Агар саноқли давлатлар коронавирус тарқалишини жиловлай олган тақдирда ҳам бу жаҳондаги иқтисодий йўқотишлар таъсирини камайтира олмайди. Бошқача қилиб айтганда, эпидемияни жиловлаш барча давлатларга тааллуқли бўлиши керак.

Ушбу якуний бобнинг мақсади кутилаётган юқори даражадаги иқтисодий муаммоларни ёритиб беришдир. Сиёсий ва ахлоқий муаммолар ҳам мавжуд. Аммо, мен уларни бошқалар таҳлил қилишига қолдираман. Бу ерда асосий эътибор пандемияни жиловлаш учун қанча маблағ сарфлашимиз кераклигини аниқлашга қаратилган.

2015 йили Microsoft асосчиси, миллиардер ва йирик хайриячи Билл Гейтс TED мунозараси нутқида келажакдаги глобал пандемия ва бунга бизнинг тайёргарлигимиз йўқлиги тўғрисида огоҳлантирган. Пандемиянинг зарарида миллионлаб ўлимлар ва 3 триллион долларлик глобал бойликнинг камайиши тахмин қилинганди. Бу фалокатнинг башорати эди.

Пандемия хавфига тайёргарлик учун бюджетлар кам миллиардларда бўлиб, биз бу етарли эмаслигини биламиз. Фақатгина глобал бойликнинг триллионларда камайиши шундан далолат берадики, COVID-19 ёки бошқа эҳтимолий пандемиянинг олдини олиш учун юзлаб миллиардлардаги бюджетлар фойдали бўлади. Аммо, ҳукуматларга ушбу маблағларни ажратиш қийин. Чунки, пандемия тоифасига ўхшаш бир қатор потенциал ҳалокатлар аллақачон мавжуд. Уларнинг ҳар бири содир бўлиш жиҳатидан эҳтимоли турлича. Лекин уларнинг ҳар бири содир бўлиши мумкин. Мазкур омиллар пандемияга қарши юзлаб миллиардлардаги маблағ ажратишимизга таъсир кўрсатмоқда. Мана шундай потенциал хатарларни ҳисобга олганда пандемия учун юзлаб миллиардларни сарфлаш керакми, деган савол туғилиши табиий.

2015 йили Иян Мартин ва Боб Пиндикнинг «Фалокатларнинг олдини олиш: Скайлла ва Чарибдиснинг ноодатий иқтисоди» номли мақоласи эълон қилинган. Унда Гомернинг «Одиссей» асарига ишора бор. Яъни, ўша асарда денгизчи Одиссей йиртқич Скайлла ва тўфон Чарибдисдан қочишга ҳаракат қилади. Бироқ, иккаласидан ҳам қочиб қутула олмайди. Бу ерда танлов харажатлар ва фойда таҳлилидан келиб чиқиб амалга оширилиши лозим. Боиси, йиртқич ҳайвон бир неча экипаж аъзосига ҳужум қилиши мумкин. Лекин, тўфон бутун бошли кемани ҳалокатга йўлиқтирарди. Одиссей йиртқич Скайлла билан тўқнаш келиши афзалроқ эди.

Биз эса, бугунги замонавий ҳалокатларнинг сони кўп бўлган даврда нима қилишимиз керак? Айниқса, Скайлла ва Чарибдис мисолидаги иккита тенг хатарга дуч келсак? Булар нафақат пандемия, балки иқлим ўзгариши, астероид зарбалари ёки ядровий уруш бўлса.

Бу борада Мартин ва Пиндик фикрлари қуйидагича:

«Табиийки, биз бундай фалокатларнинг олдини олишни хоҳлаймиз. Аммо бу мумкин бўлса ҳам, мақсадга мувофиқми? Бунинг ўрнига баъзи бир фалокатлардан қочиб, бошқаларнинг муқаррарлигини қабул қилишимиз керакдир? Агар шундай бўлса, улардан қайси бирларидан четланишимиз жоиз? Одиссейдан фарқли ўлароқ биз худоларга маслаҳат учун мурожаат қила олмаймиз. Бунинг ўрнига биз иқтисодиётга, чиндан ҳам чинакам фанга мурожаат қилишимиз оқилона қарор».

Уларнинг жавоби ҳар бири учун алоҳида фойда таҳлилига таянмаслик. Бунинг ўрнига нимага дуч келишимизу ва нимани четлаб ўтишимиз кераклигини танлашимиздадир. Буни тушунишимиз учун келинг юзага келиши мумкин бўлган саволларга тўхталайлик.

Келажакдаги пандемия билан курашиш учун пул сарфлашимиз керакми? Иқлим ўзгариши эҳтимолини юзага келтирадиган табиий офатларни юмшатишгачи? Иккаласи ҳамми? Ёки бошқа?

Агар биз иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий офатларга дуч келишдан қўрқсак, пандемияга қарши қандай йўл тутиш керак? Мартин ва Пиндикнинг жавоби шундаки, агар биз иқлим ўзгариши ҳақида хавотирда бўлсак пандемия билан курашиш бўйича иш аслида паст даражада эмас.

Интиюция қуйидагича: Сиз пандемияни юмшатиш учун доимий ресурсларни сарф қилсангиз, иқлимнинг фавқулодда оқибатлари, масалан бўронлар, денгиз сатҳи кўтарилиши, ҳаддан ташқари иссиқлик кабилар билан келажакда албатта курашишингизга тўғри келади. Бу шуни англатадики, сиз бор нарсани қадрлайсиз ва уни ҳимоя қилиш учун кўпроқ пул сарфлайсиз. Бошқача қилиб айтганда, агар сизнинг келажакда дуч келишингиз тайин бўлган хатарларингиз бўлса, сиз бошқа таҳдидни камайтириш учун ресурсларни камроқ сарфлаш тараддудида бўласиз. Чунки сиз бор нарсангиз табиий офатлардан холи бўлган дунёда эгалик қилишни хоҳлайсиз. Яна бир мисол: Ўйлаб кўринг, сиз катта уйда яшайсиз ва ёнғин унинг ярмини хавф остига қўйиши билан таҳдид қилса, қолган ярмини асраб қолишга бор кучингизни сафарбар этасиз. Ёки битта фалокат учун олдиндан суғурталашга маблағ сарф қилсангиз, иккинчиси юз берганда йўқотишлар нисбатан озроқ бўлади.

Иқтисодчилар Томас Скеллинг ва Кип Вискусига кўра, агар биз одамларнинг хавфли хатти-ҳаракатларига (ўлимга олиб келиши мумкин бўлган фаолият) эътибор қаратсак, улар ўз ҳаётларига қандай аҳамият беришларини тахмин қилишимиз мумкин. Бу статистика ҳаётнинг қиймати. Кўплаб давлат идоралари ушбу қийматни 10 миллион долларга баҳолаган.

Хулоса сифатида, Жошуа Ганс молиявий инқироз билан курашиш ва келажакдаги пандемияларни олдини олиш учун Глобал институтлар тармоғи яратилиши зарурлигини таъкидлайди. Бу энг мақбул ечим бўлиши мумкин.

Шунингдек иқтисодчи профессор фикрига кўра, дунё иккита Жаҳон урушини бошидан ўтказгачгина Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро валюта жамғармаларига асос солинган.

 Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг