«Кашф қилинмаган бозор, монополия ва консультатлик» – Лондондаги магистрант ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасидаги навбатдаги суҳбатдошимиз Буюк Британиянинг Лондон Жанубий соҳил университети «Халқаро бизнес бошқаруви» йўналиши магистранти Элдор Рўзиев бўлди.
У суҳбат давомида дунёқаришини ўзгартирган саёҳат, Буюк Британия таълим имкониятлари, илмий иши ва мамлакатизда бизнес муҳитини яхшилаш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Сан-Францискога саёҳат дунёқарашимни ўзгартирган
Қашқадарё вилоятида туғилганман. Аммо кейинроқ ўқиш, иш ва молиявий фаровонлик излаб Тошкентга кўчиб ўтганмиз. Падаримиз ва волидамиз оддий меҳнаткаш инсонлардан, лекин уларнинг саъй-ҳаракатлари билан, мен аниқ фанларга ва тил ўрганишга йўналтирилганман. 2015 йил Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг «Банк иши ва молия» факультетига қабул қилинганман. Ўқиш даврида, талабалар алмашинуви доирасида Америка Қўшма Штатларида, хусусан Сан-Францискода бир муддат иш тажрибаси орттириб қайтганман. Бу саёҳат менинг дунёқарашимни ўзгартирган, дея оламан. АҚШга бўлган саёҳатдан сўнг, қайта дунё кўриш, халқаро даражада билим ва тажрибаларни, айни шу юртларда олишни ният қилгандим. Ниятим холис эканки, бакалавр дипломини қўлимга олганимдан 3 ой ўтар ўтмас, Бирлашган Қиролликнинг пойтахти Лондондаги етакчи олийгоҳлардан бири Лондон Жанубий соҳил университети «Халқаро бизнес бошқаруви» йўналиши магистратура босқичида ўқишимни давом эттира бошладим.
Ҳозирда магистратура босқичи ҳам ниҳояланиб қолган ва якуний диссертация ёзиш жараёнидаман.
Шу йиллар давомида, турли соҳа ва лавозимларда ўз иш тажрибамни орттиришга муваффақ бўлдим. Бугунги кунда Лондондаги тозалик хизматлари кўрсатувчи компанияда иш бошқарувчи менежер сифатида фаолиятимни давом эттиряпман.
Бакалавр уч йил, магистратура бир йил
Аввало таълим имкониятларига тўхталсам. Буюк Британия таълими, дунё миқёсида тан олинадиган, чуқур тарихга эга бўлган номдор университетлари, бу университетлардан етишиб чиққан шахслар билан таниқли ва машҳур. «Cambridge» ёки «Oxford» университетларида ўқиш ёки бир бор ташриф буюришни истамаган абитуриент ёки талаба бўлмаса керак. Бундан ташқари, Буюк Британия олий таълими бошқа кўп давлатлар, айни Ўзбекистонга нисбатан тезкор ўқитиш методларини таклиф қилади. Хусусан, бакалаврни уч йилда, магистратурани эса бир йилда тамомлаш мумкин. Албатта, бундай имкониятлар учун махсус чиғириқдан ўтиш талаб қилинади. Аммо, тежалган йиллар билан, профессионал иш тажрибасини эртароқ бошлаш ва ўз устида эртароқ ишлаш имконини қўлга киритиш мумкин.
Буюк Британия олий таълими бошқа ривожланган давлатлар билан таққослаганда, нисбатан ўрта ҳисобда, халқаро талабалар учун арзонроққа тушади. Шахсий тажрибамга кўра, магистратура босқичи, умумий икки йиллик дастур (бир йил таълим ва қўшимча бир йил малака ошириш дастури билан бирга), менга 10 750 фунт-стерлинг (ҳозирги курс бўйича 14 000 АҚШ долларидан бироз кўпроққа) тушган. Лекин, бу миқдор 4000 фунт-стерлинглик грант маблағларидан кейинги контракт тўловлари ҳисобланади. Яъни бакалавр баҳолари ёки IELTS балларига кўра, талабалар етарли даражада чегирмалар олиши мумкин.
Магистратура босқичини бошлашдан аввал, бир нечта давлатларда таҳсил олаётган ватандошларимиз ва дўстларимиз билан маслаҳатлашганман ҳамда фойдали маълумотларга эга бўлганман. 2019 йил Буюк Британия ҳукумати қабул қилган қарорга кўра, барча халқаро талабалар, мамлакат ҳудудида ўзларига иш топишлари, бизнес фаолиятларини бошлаш учун имкониятлар берила бошланди. Бу халқаро талабаларга, нафақат профессионал таълим олиш, балки компанияларда иш тажрибаларини орттириш учун ҳам имкон беради.
Буюк Британиянинг яна бир афзаллиги, Европа Иттифоқига яқинлиги билан менимча, саёҳат ва бизнес учун қулайлиги, дея айта оламан. Яна бир нарсани таъкидлаш керакки, айнан Лондон ўта юқори даражада кўп миллатли ва турфа маданиятли шаҳар эканлиги ҳамда АҚШ ва Буюк Британияда яшаган инсон сифатида, бу ерда одамларининг хушмуомилалиги, жамиятда ўзига хос этикет қоидалари борлиги ва ўзаро ҳурмат юқори ўринда туриши, исталган инсон учун ўзгача завқ беради, деб ўйлайман.
130 йиллик тарихга эга
Мен таҳсил олаётган муассаса Лондон марказидан оқиб ўтувчи Темза дарёсининг жанубий соҳилида жойлашган ва айни шу сабабли ҳам шу ном остида фаолият олиб боради. Университет 1892 йил Политехника институти сифатида ўз фаолиятини бошлаган. 1992 йил университет мақомига эга бўлган. 2003 йилда эса ҳозирги «London South Bank University» номини олган. Шу йиллар давомида муассаса қошида кўплаб янги факультетлар ва талабалар учун янги ўқув бинолари фойдаланишга топширилди. Салкам 17 000 талаба ва 1700 дан ортиқ ишчи ходимларни ўз бағрига сиғдира олади. 2016 йил «Times Higher Education Awards» томонидан йилнинг энг яхши бизнесга ихтисослашган университети сифатида, 2017 йил эса «Teaching Excellance Framework» томонидан «кумуш» даража билан мукофотланган.
Шахсий тажрибамга кўра, университет ўрта даражадаги, ҳар қандай талаба қидираётган билимларни ва моддий-техник баъза билан бемалол таъминлай олади. Турфа хил маданиятли талаба ва профессор-ўқитувчилар орқали талабаларнинг нетворкинг имкониятлари ошишига ёрдам бера олади. Энг муҳими эса, у айни Лондонннинг қоқ марказидаги, замонавий ва шинам университет биноси билан диққатга сазовордир.
Турли босқичлар учун турли даражадаги талаблар қўйилади, аммо умумий қабул учун, энг охирги ўқиган таълим муассасасидан баҳолар ва IELTS талаб қилинади. Мутахассисликка кўра, GMAT ёки GRE ҳам талаб қилиши мумкин.
Жозибадор ва завқли бўлиб бораверди
Аслини олганда, тадбиркорликка қизиқишим болаликдан пайдо бўлган. Ўқиш даврида молия ва иқтисодиёт орқали бу қизиқиш дунё компаниялари ва уларнинг сўнгги лойиҳаларидан доимий хабардор бўлиб бориш, ўрганиб боришни одатга айлантирган. Кўп янги инсонлар ва ғоялар билан айнан бакалавр ўқиш жараёнида танишганман, бу лойиҳалар янада жозибадор ва завқли бўлиб бораверди. Охир-оқибат, ўқишимни ҳам айни шу соҳада давом эттиришга қарор қилдим. Тадбиркорлик, айни бир касб ёки кўникма орқали пайдо бўлмайди. Тадбиркор – бу ўз ишининг асл устаси, у барча касбларнинг йиғиндиси, тадбиркор бўлиш учун ҳар соҳадан билимлар талаб қилинади, деб ҳисоблайман. Тошкентда, дўстларимиз билан кўплаб кичик лойиҳаларни ҳам айни шу қизиқиш ортидан амалга оширганмиз, бир неча стартаплар устида ишлаганмиз.
Ҳозирда ҳам Лондонда айни соҳада бизнес ишларини бошқарувчи менежер бўлиб фаолият олиб бораяпман. Инсонларга фойдали маҳсулот ва сервис хизматлари яратиш, шу билан бир қаторда бутун иқтисодиётнинг бир қисмига ёрдам бера олиш, ўзингиз учун молиявий эркинлик яратиш бахтнинг бир кўриниши назаримда.
Ўзбекистон бозори ҳали кашф қилинмаган
Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа ва ҳодисаларни доимий кузатиб бораман. Мамлакатимиз ривожланаётган давлат, унинг иқтисодий ва сиёсий ҳолати секинлик билан ўсиб келмоқда. Юртимизда ўзимизнинг тадбиркорлар учун ҳам, ташқи инвесторлар учун ҳам, учта энг муҳим нарса бор. Булар:
- Мулк дахлсизлиги;
- Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва адолатлилиги;
- Доимо аввал иқтисод, кейин сиёсат.
Фикримча, Ўзбекистон бозори ҳали кашф қилинмаган, деярли ҳеч қайси маҳсулот ва сервис хизматлари билан етарли тўйинмаган бозор. Бундай бозорда имкониятлар жуда юқори ва давлатнинг тадбиркорларга тўғри шарт-шароитларни яратиши, «ўйин қоидаларини» барча учун тенг эканлигини таъминлаб бериши, бу бозорни гуллаб-яшнашига, иқтисодий ўсишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.
Консультатликка алоқадор мавзу танлаганман
Илмий иш мавзуси сифатида Ўзбекистонда ҳозир оммалашган касб, консультатликка алоқадор мавзу танлаганман. Аниқроқ айтадиган бўлсам, илмий ишим «Халқаро бизнес бошқарувида консультациянинг ўрни ва бизнес ривожланишидаги унинг таъсири» мавзуси остида бўлиб, деярли охирлаб қолди. Ўзбекистондаги консультацион экотизимнинг ривожланишини кузатадиган бўлсак, консультацион хизматлар таклиф қилувчилар сони ошиб бормоқда, аммо бу билимларнинг актуаллиги, бизнесга қанчалик фойдали экани ҳақида умумий маълумотлар мавжуд эмас. Юзаки ёки чалғитувчи қилиб тайёрланган баъзи статистикалар орқали, баъзи консультантлар, ўзбек тадбиркорларини асл йўналишларидан адаштириб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас.
Бошқа томондан, яхши маълумотлар ва фойдали тажрибаларни, бизнес бошқарувига олиб кира оладиган консультантлар, нафақат кичик, балки йирик бизнеслар учун ҳам жуда қўл келади. Дейлик, давлат миқёсида кенгайган бизнес, экспортга чиқиши учун, бизнес эгаларида бошланғич билим ва кўникмалар керак бўлади. Ёки исталган кичик бизнесни, кичик бизнесдан, тармоқли бизнесга айлантириш учун халқаро тажриба ва билим зарур бўлади. Акс ҳолда шунчаки хоҳиш билан тикилган маблағлар ҳавога учиши мумкин. Яхши консультант эса ҳар бир бизнес учун алоҳида ёндашади ва бизнес эгалари билан бирга, қўйилган умумий мақсадга эришмагунча изланишда бўлади. Ташқаридан келган ва бизнесда яхши тажрибага эга инсон, бизнесда қандай муаммолар кузатилаётганини сезиши анча осон бўлади. Умуман олганда, консультантлик хизматлари дунё бўйлаб профессионал даражадаги, миллиардлаб доллар даромад олиб келадиган бизнес ҳисобланади, бунга ягона мисол эса «Boston Consulting Group» бўла олади.
Олдиндан тайёргарликнинг ўрни муҳим бўлган
Аввалроқ таъкидланаганимдек, ғарбга бўлган биринчи саёҳатимдаёқ, у ердаги билим ва тажриба орттириш учун чексиз имкониятларнинг ҳаётий мисолларини кўриш, мендаги фикрлашни тубдан ўзгартирганди. Биринчи саёҳатимдаёқ, шахс сифатида, инсон ўз-ўзига масъулиятни ҳис қилиб яшаши кераклиги, ўзи учун доимо ўзи ҳаракатда бўлиши кераклигини англаб етганман. Шу сабабли Буюк Британия томон сафаримдан олдин, мени нималар кутиб турганини ва қандай ҳаракат қилишим кераклигини жуда яхши билардим. Мен учун доимо олдиндан тайёргарликнинг ўрни муҳим бўлган. Ҳар қандай сафарга отланмай, олдиндан режалаштириб, режаларимга амал қилиб ҳаракатланиш илинжида бўламан. Ғарбга, собиқ совет иттифоқи давлатларидан кўчиб бориб яшагандан кейингина, демократик жамиятнинг анча ривожланган кўриниши билан юзланиш, аввалига бироз эриш туюлган. Дейлик, иш жараёнида ҳам, ишимизни йўқотмаслик учун ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилишга ҳайиқиб турардик.
Аммо, бундай жамиятнинг бир бўлаги сифатида бироз яшагандан сўнг, шу жамиятнинг айни бир бўлагига айланиб қоларкансиз. Инсоннинг жисмоний ва ақлий саломатлиги, ҳар қандай ишдан муҳимлигини англаб етаркансиз. Ҳозиргача ҳам баъзида мен қўл остида ишлайдиган инсоннинг биз билан бирдек меҳнат қилиши мени ажаблантиради ва ноқулай вазиятга солади. Чунки, ҳалигача менинг онгимда бошлиқ иш қилиши эмас, балки, иш буюриш учун яратилгандек гўё. Аслида эса, оддий ишчиларсиз ҳеч қайси бизнес тузилма мавжуд бўлолмайди. Лондондаги яна бир доимий «анъана» ҳам ривожланаётган кўпгина давлатлардан келганлар учун эриш туюлиши аниқ. Бу маълум бир гуруҳ ишчиларнинг уюшмаларга бирлашиши ва вақти-вақти билан иш ташлаш уюштириб, ўзларининг норозиликларини ва ҳар қандай бизнес тузилма учун ишчи кучининг ўрни нақадар муҳим эканини эслатиб туришидир.
«Негатив» фикрлаш орқали, босқичма-босқич «позитив» натижаларга эришиб борамиз
Давлатдаги барча муаммолар иқтисодий ва молиявий фаравонликка бориб тақалади. Айниқса, давлат бизнинг Ўзбекистон каби ривожланаётган, денгизга чиқиш учун бир эмас, икки чегарани кесиб ўтиши керак бўлса. Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланишини, бизда мавжуд ҳозирги ва келажакда содир бўлиши мумкин бўлган, сиёсий, геосиёсий ва гуманитар муаммолар учун асосий ечим сифатида кўришимиз мумкин.
Иқтисодий муаммолар давлат миқёсидаги комплекс муаммолар ҳисобланади. Тўғри қабул қилинган сиёсий қарорлар орқали биздаги мавжуд иқтисодий муаммолар секинлик билан камая боради. Барча соҳаларнинг ривожланиши бу соҳалардаги порахўрликнинг минимумгача камайиши, маҳсулот ва хизмат турларининг сифатидаги яхшиланиш, иқтисодий ўзгаришлар, қабул қилинган тўғри қарорлар ортидан бўлади.
Яъни, иқтисод, сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Ташқи сиёсатдаги ҳозиргача бўлган барча ўзгаришлар диққатга сазовор, ижобий ўзгаришлар дейишимиз мумкин. Аммо, ички сиёсатда ҳалигача ечилмай қолган халқнинг кунлик ташвишлари билан муаммолар мавжуд. Хусусан, монополияларни йўқ қилиш ва олдини олиш, барча давлат хизматчилари даромадларини декларациядан ўтказиш, журналистларнинг дахлсизлиги таъминлаш орқали – ҳокимиятнинг яна бир устунини мувозанатга келтириш, ҳокимларни сайлаш сиёсатига ўтиш ва буларнинг барчасини шаффоф ўтишига замин яратиш, ҳозирда кун тартибига чиқиб ечим тополмаётган баъзи масалаларнинг бир нечтаси деб биламан. Ўзбекистоннинг ичида ҳам анча ижобий бўлган иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар бўлиб келаётганидан хурсандмиз, албатта. Аммо, ҳозирча ривожланаётган давлат сифатида, ижобий ўзгаришларга қарсак чалиб қолишга ва ундан кейинги ўзгаришларни талаб қилишдан тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ. Ривожланишга интиляпмиз-ми? Демак, доимо ишлашимиз керак бўлган соҳалар, ривожлантиришимиз керак бўлган тизимларга эътиборни қаратишимиз зарур. Айни шу каби бироз «негатив» фикрлаш орқали, босқичма-босқич «позитив» натижаларга эришиб борамиз. Фикримча, динамик иқтисодий-сиёсий ривожланишнинг асосий омилларидан бири ҳам айни шу йўналишда янада самаралироқ бўлади.
Кичик «стартап»лар устида бош қотиряпмиз
Келажакда ўқишимни давом эттириш ва докторлик диссертациямни айнан иқтисодиёт ва сиёсат мавзусида олиб бориш ниятим бор. Шу билан бир қаторда, бизнесга бўлган қизиқишим туфайли, ҳозирда ҳам жамоамиз билан кичик «стартап»лар устида бош қотириб келмоқдамиз. Албатта, яхши умидлар билан инсонлар учун фойдали бўлган, уларнинг оғирини енгил қиладиган бизнес лойиҳаларни амалга ошириш, ривожлантириш ва дунё бўйлаб ёйиш бизнинг асл мақсадимиздир.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter