Келажак фармацевтикаси: Янги технологияларга сармоя киритиш

2025 йилги Тошкент Халқаро Инвестиция Форуми доирасида «Келажак фармацевтикаси: Янги технологияларга сармоя киритиш» мавзусида панел сессия бўлиб ўтди. Мазкур сессияда дунё фармацевтика саноатининг илғор мутахассислари, инвесторлар ва соҳа раҳбарлари иштирок этиб, инновацион технологиялар, генетик муолажалар ва РНА асосидаги даволаш усулларининг истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбирни олим, Гарвард Тиббиёт мактаби қошидаги Генетик касалликлар бўйича Халқаро марказ асосчиси ва ижрочи директори Алиреза Ҳақиқи олиб борди. У ўз нуқтида келажак авлод фармацевтикаси бутун дунё инсоният учун фойдали бўлиши кераклигини, бу борада ҳукуматлараро ҳамда жамиятлараро ҳамкорлик нечоғли муҳим эканлигини қайд этди:
— Биз геном тиббиёти ва аниқ тиббиётни ривожлантириш мақсадида бутун дунё ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ушбу ҳамкорликлардан кўзланган асосий мақсад - тиббиёт-фармацевтика хизматлари фақатгина юқори қатлам вакилларига эмас, балки барчага бирдек фойдаланиш учун очиқ бўлиши лозим.
Сессия давомида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Ойбек Элмуродов агентлик томонидан соҳада олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот тақдим этди:
— Қисқача маълумот бериш учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида фаолият юритувчи Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистонда кучли фармацевтика саноатини яратиш учун масъул ҳисобланади. Шунингдек, биз маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга GMP, GDP ва GLP сертификатларини берамиз.
Unimed Pharmaceuticals директори Че Суик ҳам форумда нутқ сўзлаб, шундай деди:
— Мен Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида UniMed вакили Че Суик бўламан. Аввало, Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ушбу анжуманда иштирок этиш имкониятини яратиб бергани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Абдулла Азизовга заводларимизни қуриш ва мамлакат фармацевтика саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконияти учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. 1991 йилда ташкил этилган корхонамиз бугунги кунда Жанубий Кореянинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири ҳисобланади. Биз фармацевтика соҳасида доимий тадқиқот ва ишланмалар олиб борамиз, инсон саломатлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш учун энг яхши дори-дармонларни тақдим этамиз.
Сессияда, шунингдек, Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш давлат стратегияси, ҳукуматнинг глобал миқёсда рақобатбардош тармоқни яратишга содиқлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар янги авлод дори воситаларини ишлаб чиқиш, инновацион тадқиқотлар учун халқаро ҳамкорлик, шунингдек, фармацевтик стартаплар ва илмий марказлар учун сармоявий имкониятлар ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter