Китобхон аскарнинг хизмат муддати бир ойга қисқартирилиши мумкин
Парламент Қуйи палатаси мажлисида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташнинг нуфузи ва жозибадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган.
Ҳужжат билан олий ҳарбий таълим муассасалари, шунингдек, хорижий олий ҳарбий таълим муассасаларининг учувчи мутахассислиги бўйича битирувчилари билан янги контракт тузишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, республика китобхонлик танловида юқори натижаларга эришган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат муддатини бир ойга қисқартиришни назарда тутувчи қўшимча киритиш кўзда тутилган.
Муҳокама давомида таъкидланишича, ушбу рағбатлантириш чораси ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter