«Коронавирус билан боғлиқ вазият иқтисодиётимизга таъсир ўтказади» — Марказий банк раиси
Бугун, 5 март куни Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишида ставка йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолгани маълум қилинди.
Матбуот анжуманида Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов коронавируснинг Ўзбекистон иқтисодиётигатаъсири ҳақида ҳам тўхталди.
«Ҳаммамизга маълумки, бутун дунёда кенг тарқалаётган «коронавирус» билан боғлиқ вазият жаҳон иқтисодиётига турли даражада таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Халқаро молия институтлари хулосаларига кўра, жаҳон иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши, ташқи талаб ва савдо ҳажмининг қисқариши ҳамда ушбу вазият билан боғлиқ ноаниқликларнинг 2020 йилнинг иккинчи чорагида ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий муносабатларда очиқ ва савдо алоқалари билан хорижий мамлакатлар билан узвий боғланган давлат.
Юзага келган вазиятнинг иқтисодиётимизга ҳам маълум даражада таъсири бўлиши мумкин. Бу аввало ташқи иқтисодий фаолият кўрсаткичлармизда ўз аксини топади.
Хитой ва коронавирус тарқалаётган бошқа давлатлардан импорт товарлари кириб келишининг секинлашиши, транспорт алоқаларининг камайиши ва инсон ресурслари ҳаракатининг чекланиши ички нархларга маълум бир даражада таъсир қилиши мумкин.
Мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси Хитойнинг улуши 2019 йил якунлари бўйича 18,1 фоизни ёки 7,6 млрд. долларни ташкил этган. Бунда экспорт – 2,9 млрд. долл. (энергия ва нефть маҳсулотлари 917 млн. долл., текстиль – 438 млн. долл, хизматлар 694 млн. долл.), импорт – 5,1 млрд. долл (машина ва жиҳозлар 3,2 млрд. долл, кимё маҳсулотлари 768 млн. долл.)
Лекин таъкидлаш жоизки, бу таъсирлар бир марталик қисқа муддатли аҳамият касб этади:
- ички ишлаб чиқариш ва тадбиркорларнинг жорий вазиятга мослашиши;
- товар ва хизматлар импорти географиясининг ўзгариши;
- ички бозорда рақобатни кучайиши ҳисобига ушбу омилнинг нархлар даражасига таъсири минималлашиб боради», дея қайд этди Мамаризо Нурмуратов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter