Кредит маблағларини ўзлаштирган мансабдорлар қўлга олинди

Бухорода имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган мансабдорлар қўлга олинди. Бу ҳақда “Xabar.uz”га ҳуқуқ-тартибот органи ходими маълум қилди.
Таъкидланишича, Бухоро вилояти маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси масъул ходими ҳамда Ғиждувон тумани ҳокими ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда тил бириктириб, жиноятга қўл уришган. Улар бир гуруҳ бўлиб, Сурхондарё вилоятида яшовчи Ш.М.нинг номига уни хабардор қилмаган ҳолда “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида 32,8 миллион имтиёзли кредит маблағларини расмийлаштиришга эришишган. Сўнг ушбу кредит маблағларини Ромитан туманида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятига кўчириб, пулларни нақдлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишган.
Мазкур фаолият юзасидан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Худди шу каби ҳолат Бухоро шаҳрида фаолият юритувчи яна бир корхона раҳбари томонидан ҳам содир этилди. Корхона раҳбари 1,3 миллиард сўм кредит маблағларини ўзлаштири аниқланди”,-дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходими.
Маълум бўлишича, департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Т.Н.” оилавий корхонаси раҳбари Ф.Г. ҳудудий тижорат банки филиалининг собиқ масъул шахслари билан олдиндан тил бириктирган бўлган. У корхонага 2019 йилда ажратилган кредит таъминоти учун гаровга қўйилган меҳмонхона биносини қайта гаровга қўйган ва сунъий равишда қиммат нархда баҳолатган. Гўёки қўшимча бино қуриш важи билан яна 900 миллион сўм кредит маблағлари ажратилишига эришган. Текширувлар давомида Ф.Г.нинг банк филиалининг жами 1,3 миллиард сўм кредит маблағини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳеч бир жиноят изсиз йўқолмайди”,- деди департаментнинг масъул ходими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter