Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Куч ишлатилиши, ўлим таҳдидлари ва «шесть секунд» воқеаси... (Топ-10)

Куч ишлатилиши, ўлим таҳдидлари ва «шесть секунд» воқеаси... (Топ-10)

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 2 ноябрь — Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш куни. Журналистларга, таҳририятларга таҳдид ва босимлар ҳар доим учраб турадиган ҳолат. Аслида уларнинг айримларигина кенг оммага ошкор бўлади. «Xabar.uz» сўнгги йилларда мамлакатимизда журналистларга қаршиликлар ва босимларга алоқадор айрим воқеаларни эслаб ўтади.

«Отабек Қўлдошев воқеаси»

«Дарё» интернет-нашрининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Отабек Қўлдошев 2021 йил 16 апрел куни Қарши шаҳридаги «Кўк гумбаз» масжидидан Рамазон ойининг биринчи жума намози ҳақида репортаж тайёрлаётганида шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари билан тушунмовчилик келиб чиқади. Мухбир суратларни нима мақсадда олаётганини тушунтириб, автомобилидан мухбирлик гувоҳномасини олиб келганида, ҳодиса жойида бўлган ички ишлар ходимларидан бири унга қўполлик қилиб, бошқа ходимларга мухбирни автомобилга солиб, олиб кетишни буюради.

«Далиев ва Андижон воқеалари».

2019 йил август ойида Андижон шаҳридаги мактабларда ишловчи «боши очиқ» аёлларнинг сирли рўйхати ҳақида ёзган Хуршид Далиевга ўлдириш билан таҳдид қилишганди.

«Чора кўришларини сўраб, Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат қилган эдим. Аризаларим айланиб-айланиб Наманган шаҳар ички ишлар идорасига бориб тушибди. Ўрганишяпти шекилли, ҳар ҳолда аҳён-аҳёнда қўнғироқ қилиб, у-буни сўраб туришипти. Энг қизиғи, таҳдид қилган одамнинг рақами аниқ. Уни топиш қийин бўлмаса керак, деган яхши фикрдаман. Ахир биз тош асрида яшамаяпмиз-ку, тўғрими?! Умид қиламанки, журналистик фаолиятимга тўсқинлик қилишга уринган ва ҳақоратлаган шахслар аниқланиб, қонун олдида жавоб беради», — деб ёзганди Хуршид Далиев.

«Анора Содиқова ва Миллий Гвардия воқеаси»

«Рост24» интернет-нашрининг «Ички ишлар ходимларининг «ички найранглари» ёхуд Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган «мардикор-журналист» кечинмалари» номли мақола эълон қилинганига кўп вақт бўлмади. Мақолада журналист Анора Содиқова ва унинг ҳамкасбларига нисбатан Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар қилингани, шунингдек, журналист шу воқеалар ҳақида материал ёзса, 200 нафар аёл ишхона олдига жанжал кўтариб боришларини айтиб, босим ўтказилгани баён қилинганди.

«Фарғонада журналист бўлиш — Шарифа Мадраҳимова воқеаси»

Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова 2020 йил апрел ойида маҳаллий ҳокимият ва ИИБ босимига учраганди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

Учкўприк туманида бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинган. Шу муносабат билан туман ҳокимлиги вакили тармоқ орқали бу ҳақда хабар бериб, маҳсулотлар нархи арзонлиги таъкидлайди. Ҳокимлик масъули хабаридан таажжубланган Шарифа Мадраҳимова ярмарка ўтаётган жойга бориб, мухтасар журналистик суриштирув ўтказишга тушади. Шу жараёнда пайдо бўлган ва ўзини «туман ҳокимининг котиби» эканини айтган Шоҳжаҳон Мўйдинов деган шахс журналист фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, унинг қўлини қайирган (!) ҳолда уяли телефонини тортиб олади.

«Снос ва Qalampir.uz»

«Qalampir.uz» ходимлари Юнусобод тумани 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорларнинг мурожаатини ўрганишга борган ва Ички ишлар ходимининг фаол қаршилигига учраганди. «Ҳокимият ва прокуратурадан тайинли жавоб ололмагач, воқеа жойига қайтиб келдик. «Qalampir.uz» тасвирчиси Хўжамиёр Холмуродов ўз ишига киришди. Прокуратура ходими тасвирчини кўриб, Ички ишлар ходимларига «Олиб кел», деб буйруқ берди ва Ички ишлар ходимлари операторни қувлаб, автомашина олдигача келишди. Эшикни очиб, тезда машинадан тушишни буюришди», дейилганди нашр хабарида.

«Флешкахўр»

Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими «Менинг юртим» (MY5) телеканали журналистларининг ишига аралашишга урингани ёдингизда бўлса керак. Қайд этилишича, ходим хотира картасини оператор камерасидан олиб ташлаб, оғзига солиб «еб юборган».

Телеканал журналистининг сўзларига кўра, ижодий гуруҳ 2021 йил 14 июн куни туман деҳқон бозорида содир бўлган ёнғин оқибатлари тўғрисида репортаж тайёрлаш учун Самарқандга йўл олган. Унинг таъкидлашича, туман ҳокимидан изоҳ олмоқчи бўлганида, ҳокимият матбуот хизмати ходими журналистларга қаршилик кўрсатишни бошлаган.

«Қичиқ савол»ларга тоқати йўқ раҳбар

Ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози экани айтилаётган аудио тарқалганди.

Аудиода қачон ўтгани номаълум йиғилишда ҳоким журналистлар билан қандай гаплашиши, яъниким, ҳоким журналистларнинг «қичиқ савол»ларига тоқати йўқлиги, «нормальний» мулоқот қилиш тарафдори эканини таъкидлаб, гап орасида оммавий ахборот воситалари ходимларидан бирини «ҳезалак» деб ҳақоратлаганди. 

«Ушланг, прокуратурага берворамиз»

Олмазор туманида содир бўлган воқеалар ҳаммамизнинг ёдимизда. 2019 йил 14 август куни Kun.uz ходимлари мурожаат бўйича изоҳ олиш мақсадида ичкарига киришганида туман ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳабов дастлаб тадбиркорларга, сўнг Kun.uz ходимларига давлат органи ходимига хос бўлмаган тарзда муомалада бўлганди. У видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланади ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасига шикаст етказади. 

«Шесть секунд» воқеаси

2019 йил ноябрида интернет тармоқларида тарқалган аудио жамоатчиликни «портлатади».

Журналист билан суҳбат давомида истаса «шесть секунд»да ёмонотлиқ қила олишини, айрим ОАВ вакиллари «принципи йўқ, ифлос бедолага (қашшоқ)!» эканини айтган шахс Тошкент ҳокими бўлиб чиқади.

Албатта, ҳокимнинг аудиоси тарқалганидан кўп ўтмай у (аудио) тўла шаклда эмаслиги, ундаги акс этган гаплар «маърузадан» юлиб олинган парчалар экани, шунингдек, ўша суҳбатда айтилган таҳдидлар нашр мухбирларига қаратилгани очиқланганди.

«Диана воқеалари»дан кейинги таҳдид

Сўнгги йилларнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири — Самарқандда ўқитувчи Диана Еникееванинг мажбурий меҳнат ортидан ўлим топгани ҳолати бўлганди. Ушбу фожиадан кейин мамлакатда мажбурий меҳнатга қарши жиддий кураш бошланиб кетганди.

«Xabar.uz»нинг ўша вақтда Самарқанд вилоятидаги мухбири Каримберди Тўрамурод ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида Диананинг ўлими тафсилотларини ёритганидан сўнг унга нисбатан жиддий босим ва таҳдидлар бўлганини маълум қилганди. 

***

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов матбуот ходимларида ўзини цензура қилиш, қўрқув ҳали ҳам борлигини, чунки давлат идоралари ходимлари томонидан турли таҳдидлар, босимлар, адолатсизликлар мавжудлигини қайд этиб ўтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг